Мақола

Ўзбекистон Россиянинг бешта шаҳрида консулхоналар очмоқчи.

Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилгача Россиянинг яна бешта шаҳрида Бош консуллик муассасаларини очишни режалаштирмоқда. Маълум бўлишича, консулхоналар Россиянинг Самара, Астрахан, Тула, Калининград ва Нижний Новгород шаҳарларида очилади.

Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясидаги фармони лойиҳасидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Россиянинг олтита шаҳрида – Санкт-Петербург, Владивосток, Қозон, Ростов-Дон, Новосибирск ва Екатеринбургда фаолият юритаётган Республика Бош консулхонлари ходимларини ҳам кўпайтиришни режалаштирмоқда. Ходимлар сони, жумладан, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида ҳам кўпайтирилади.

Бу чора-тадбирлар дипломатик ваколатхоналар томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, хориждаги ўзбекистонликларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ эканлиги айтилмоқда.

Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистон фуқароларининг 2 миллионга яқини республикадан ташқарида, шундан 1 миллиондан ортиғи Россияда бўлган.

Мулоҳаза

Режалар қоғозларда қолиб кетадими ёки амалга ошриладими, албатта буни вақт кўрсатади. Кўп бора кузатилган амалиётга мурожаат қилсак, режалар қоғозларда қолиб кетади. Бироқ, Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти муҳожрликда меҳнат қилиб юрганлигини ва улар томонидан мамлакат бюджетига қўшилаётган ҳисса инобатга олинса ёки ундан тўғри фойдаланилса, мигрантлар учун ҳам, мутасаддилар учун ҳам манфаатли бўлади. Буни англаш учун кўп ақл-заковат талаб этилмайди. Россиядаги ҳамюртларимизга қўшимча енгилликлар яратилишга бироз эътибор қаратилса бўлди. Жумладан, мигрантларга ҳужжатларини расмийлаштиришда қулайликлар яратиб, консуллик тўловлари билан боғлиқ нархларни нисбатан пасайтирилса, бошланишига шу ҳам кифоя қилса керак.

Навигация