Мақола

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2021 йилдаги “Трансчегаравий пул ўтказмаларини таъминлаш бўйича тўлов тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 771-сон қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда «НОРМА».

Ушбу қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • “Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари” тўлов тизими унинг оператори сифатида иштирок этувчи Ўзмиллийбанк процессинг маркази негизида ташкил этилди;
  • жисмоний шахслар ўртасидаги трансчегаравий ўтказмалар хорижий давлатлар ҳудудидан Ўзбекистон Республикасига ўзаро манфаатли тарифлар бўйича Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларнинг хоҳишига кўра ихтиёрий танлаш асосида бошқа тўлов тизимлари билан бир қаторда “Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари” тўлов тизими орқали амалга оширилади;
  • “Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари” тўлов тизими орқали амалга оширилган трансчегаравий ўтказмалар бўйича Ўзмиллийбанк ҳисоб-китоб банки функциясини бажаради;
  • “Азия — Инвест Банк” АЖ (Москва шаҳри) “Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари” тўлов тизими орқали амалга оширилган трансчегаравий ўтказмалар бўйича Россия Федерацияси ҳудудидаги ҳисоб-китоб банкларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича банк хизматларини кўрсатишда бошқа тўлов тизимлари билан бир қаторда “Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари” тўлов тизимидан фойдаланиш тавсия этилди.

Қисқача хулоса:

Хуллас, Россидаги “Азия — Инвест Банк” билан Ўзбекистондаги Миллий банк пул жўнатмалари билан шуғулланмоқчи ва шу билан пул ўтказмалари бозорига кириб келишмоқчи. Катта эҳтимол билан ўзларига мижозларни жалб қилиш учун хизмат хақини бошқаларникига нисбатан арзон қилишади. Яъни, пул жўнатмаларидан олинадиган фоизи, бошқа пул ўтказадиган тизимларникига нисбатан камроқ бўлади. Бу янги тизимнинг хизматлари қанчалик даражада сифатли бўлишини, мигрантларга ва уларнинг Ўзбекистондаги қариндошлари учун фойдали, қулай бўлишини эса вақт кўрсатади.

 

 

Навигация