Мақола

24 февралдан сўнг иш ўринлари қисқараётгани ва рубл қадрсизланаётгани мигрантларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Россияда муаммолар бўлиши аниқ. Бу мигрантларга ва меҳнат бозорига ҳам таъсирини кўрсатмай қолмайди. Москва давлат университети география факултети профессори ва иқтисодчи Наталя Зубаревич иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга берган интервюсида шундай фикрларни билдирган. Н. Зубаревич Украинадаги инқирознинг Россиядаги меҳнат бозорига таъсири, марказий осиёлик меҳнат мигрантлари қандай муаммоларга дуч келиши мумкинлиги тўғрисида қуйидаги фикрларни баён қилган.

Муаммолар бўлади

Муаммолар бўлиши аниқ. Имкониятлар борасида бирор некбин гап айтиш қийин. Агар улар Россияга кела олмаса, Жанубий Кореяга ҳам бора олмайди. У ерда малакали ходимларга талаб кучли. Улар Туркияга ҳам бора олмайди, чунки бу мамлакатнинг ўзида малакаси паст малакали ишчилар етарли. Россия меҳнат бозори, марказий осиёлик мигрантлар учун жуда муҳим. Ҳар йили Россияга 4,5 миллион киши келади… Шуларнинг 70 фоизи қонуний ишлайди.

Расмийлар мигрантлар сонини ошириб кўрсатади

Н. Зубаревич Россия ҳукумати меҳнат мигрантларидан чўчишини, шу сабабли мигрантларга оид статистика маълумотларини бўрттириб кўрсатишини айтади. Яъни уларга кўра, Россияда, оз эмас, кўп эмас, 10 – 13 миллион мигрант ишлаяпти.

Ҳар йили Россияга турли мамлакатлардан 8,5 – 9 миллион киши келиб кетади, лекин улардан фақат 4,5 – 6 миллион киши миграция картасига ишлаш учун келганини ёзади. Россияда ҳар йили ўртача 74 – 75 миллион ишлайди. 6 миллион мигрант эса умумий ишловчиларнинг қарийб 8 фоизини ташкил қилади. Бу – жуда катта кўрсаткич.

Россияга меҳнат мигрантлари керак

2012 йилдан бери меҳнатга қобилиятли аҳоли сони қисқариб бораётгани сабабли Россияга меҳнат мигрантлари жуда зарур, чунки иқтисодиётнинг қурилиш каби кўплаб соҳаларида иш кучи етишмаяпти. Россия бош вазири ўринбосари Марат Ҳуснуллин 2022 йил бошида қурилиш соҳасининг ўзига 1 млн иш кучи етишмаслигини бежиз айтгани йўқ.

Мигрантлар яшаш шароитлари қониқарсиз

Марказий осиёлик мигрантлар қурилиш, савдо, коммунал хизмат кўрсатиш каби турли соҳаларда меҳнат қилмоқда, чунки бунақа жойларда россияликлар ишламайди. Москвада тураржой ижара ҳақи жуда қиммат. Марказий осиёлик мигрантлар эса бир хонали квартирада 10 киши бўлиб яшамоқда. Россияликлар бундай ёмон шароитда яшаб меҳнат қилишни истамайди. Шунинг учун марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари оқими Россия иқтисодиёти учун муҳим.

Иш ўринлари қисқариши мигрантларга таъсир кўрсатади

Н. Зубаревич билдиришича, Россия Украинада 24 февралда махсус амалиёт бошлагандан сўнг мигрантлар учун жуда кўп нарса ўзгариб бормоқда. Россиядаги меҳнат қонунчилигига кўра, ушбу мамлакат фуқароларини ишдан бўшатиш анча қийин. Оқибатда иш берувчилар ҳуқуқи унчалик яхши ҳимояланмаган меҳнат мигрантларини қисқартиришга мажбур бўлмоқда.

Рубл қадрсизланса, мигрантларга зарар

Меҳнат мигрантлари учун яна бир муаммоли жиҳат рублнинг қадрсизланишидир. Бу бир жиҳатдан меҳнат мигрантлари ишлаб топаётган даромадга таъсир салбий таъсир кўрсатаётган бўлса, иккинчидан, энг кўп меҳнат мигрантлари келаётган Марказий Осиё мамлакатларининг миллий валюталари ҳам қадрсизланишига сабаб бўлмоқда

Қишлоқ аҳолиси учун Россия – энг яхши танлов

Олиманинг кузатишича, Ўзбекистоннинг Тошкент каби йирик шаҳарларнинг меҳнат мигрантлари нисбатан малакали, билимли бўлгани учун Жанубий Корея каби мамлакатларга бориб ишлаши мумкин, лекин, масалан, Фарғона водийси қишлоқларидаги аҳоли учун Россиядан бошқа танлов йўқ. Шу сабаб ҳозир Россияга келган мигрантларнинг кўпи ишсиз ўтирибди, лекин бу Россияга ишлашга шошаётган мигрантлар шаштини унчалик сўндираётгани йўқ.

 


Widget not in any sidebars

Навигация