Мақола

Россия регионларини бирида мигрантлар учун қулай хизмат пайдо бўлди. Бу қанчалик фойдали эканлигини вақт кўрсатади.

Таъкидланишича, янги хизмат  мигрантларнинг Россияга келиб жойлашишини осонлаштирар экан. Яъни, бу Интернет орқали кўрсатиладиган хизмат бўлиб, керакли давлат хизматларини тезда топишга ёрдам бераркан.

“Мигрант” деб номланган ахборот тизими Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округида ташкил этилганлиги ҳақида «Открытый регион – Югра»  портали хабар бермоқда.

Минтақавий Интернет-ресурс Россияга келган мигрантларнинг ижтимоий ва маданий жиҳатдан мослашиб кетиши учун мўлжалланган.

Янги хизмат ёрдамида мигрантлар давлат ва мааҳаллий ҳокимият томонидан кўрсатиладиган хизматлар тартиби ҳақида тезда билиб олишади, дейилмоқда. Яна бу ерда ҳужжатларни расмийлаштириш имконияти бўлган муассасаларнинг веб-сайтларига ҳаволаларжойлаштирилади.

Бундан ташқари, тизим региондаги мигрантларга ёрдам кўрсатаётган ташкилот ва шахслар, уларнинг жойлашган манзиллари ҳақидаги маълумотларни харитаси билан эълон қилиниши айтилмқода.

Тизим ёрдамида мигрантлар Россия Федерациясида ишлаш учун патент, вақтинчалик яшаш учун рухсатнома (РВП) ёки яшаш учун рухсатноманинг (ВНЖ) тайёрлиги ва ҳақиқийлигини тезда билиб олишлари мумкин экан.

Эътиборли томонларидан бири, бу тизим орқали рус тилини ўрганиш бўйича видео дарсликларга, жиноятчилик, экстремизм ва терроризмнинг олдини олишга қаратилган материалларга ҳаволалар бериб бориларкан.

Ҳозирда тизим мутахассислар томонидан синовдан ўтказилмоқда. Синовдан яхши ўтса, барча учун кириш имконият берилади.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ханти-Мансийск автоном округида мигрантларга ҳайдовчилик, алкогол ва тамаки сотувчиси бўлиб ишлаш, болалар овқатларини ишлаб чиқариш, таълим соҳасида фаолият юритиш ва бошқа кўп ишлар тақиқланган эди.

Мулоҳаза

Россияда мигрантлар учун фойдали бўладиган турли хизматлар ва маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат расмий шахслар бор.

Бироқ, ҳар қайси холатда ҳам бу  хизматлардан фойдаланиш ва маслаҳат берадиган расмий шахслар билан мулоқат қилиш, уларни суҳбатини тинглаш  учун рус тилини билиш талаб этилади.

Ундан кейин эса, Интернет тармоғига уланадиган мобил қурилмалардан  ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланишни яхшироқ ўрганиб олиш зарур бўлади.

Билганлар, билмаганларга ўргатиб борса, биринчидан савоб олишса, қолаверса, бир-бирини қўллаб –қувватлаган ва шу орқали маҳаллий аҳолининг Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан муносабати яхши тарафга ўзгариши учун  хизмат қилишган бўлишади.

Навигация