Мақола

Мигрантлар учун имтиҳонлар соддалашадими?


Якуналанаётган ҳафтада Россияда мигрантлар топширадиган имтиҳонлар соддалашиши мумкин, деган хабарлар пайдо бўлди? Гап шундаки, Россия фан ва олий таълим вазирлиги мамлакатга кириб келаётган хорижликлар учун имтиҳонларни соддалаштириш ташаббуси билан чиққани хабар қилинди. Аслида-ча, ҳақиқатдан ҳам шундай бўлиши мумкинми? Ҳа, бўлиши мумкин, бироқ бу вақт масаласи, чунки ҳозирча, у ташаббус босқичида, холос.

Унга кўра, Украинадаги махсус амалиёт давомида патент, вақтинча яшаш рухсатномаси (РВП) ва яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) олишда хорижликларнинг фақат оғзаки имтиҳон топширишлари таклиф қилинмоқда.

Мабодо, вазирликнинг таклифи қабул қилингудек бўлса, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асосларидан тест топширишдан озод қилинишлари мумкин.

Таъкидлаш керак, бу ҳозирча таклиф бўлиб, у қабул қилиниши ҳам ёки рад этилиши ҳам мумкин. Қарор қабул қилинган тақдирда 2022 йил 31 декабригача мигрантлар топширадиган имтиҳонлар соддалашади.

Судланганларга жамоат транспорти ва такси ҳайдовчиси бўлиш тақиқланиши мумкин

Россияда судланган фуқаролар жамоат транспорти ва такси ҳайдовчиси бўла олмаслиги мумкин. Россия Давлат думаси шу мазмундаги таклиф акс этган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Унга кўра, судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар такси ҳайдовчиси сифатида ишга олиш тақиқланиши мумкин.

Қонун лойиҳасига кўра, йўловчилар ва уларнинг юкларини ташиш ниятида бўлган фуқаролар судланган бўлса, улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўта олишмайди. Чекловлар икки тоифадаги шахсларга қўлланилиши мумкин:

Биринчи тоифада жамоат хавфсизлиги, конституциявий тузум асослари ва давлат хавфсизлигига, шунингдек, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятлар учун судланганлиги олиб ташланмаган шахслар жамоат транспортида ишлашга қабул қилинмайди. Яъни, бундай шахс автобус, троллейбус, трамвай ва микроавтобусни бошқара олмайди.

Иккинчи тоифада такси ҳайдовчиси бўлишга имкон бермайдиган жиноятлар рўйхати кенгайтирилди. Қонун лойиҳасига кўра, ҳозирда жамоат ва такси транспортида ишлаётган ҳайдовчилар 2023 йилнинг 1 мартигача иш берувчисига судланмаганлик тўғрисида маълумотномани тақдим этиши керак бўлади.

Давлат думасининг ушбу ташаббуси россияликлар ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо мамлакатлар – Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган мигрантларга тегишли. Бошқа мамлакат фуқаролари учун чеклов ҳақида қонун лойиҳасида маълумот йўқ.

Шу ўринда алоҳида уқдиришни истардикки, ҳозирча, бу қонун лойиҳаси бўлиб, иккинчи ўқишда қабул қилинди. У яна бир марта депутатлар муҳокамасидан ўтиши, сўнгра Федерация кенгаши томонидан маъқулланиши лозим. Кенгаш ҳужжатни тасдиқлагач, президент Путин имзо қўйсагина, қонуний кучга киради.

Туркияда ўзбек мигрантларни тўсатдан ҳисбга олиш ҳоллари кўпаймоқда(ми?)

Ўтган ҳафтада Туркия полицияси томонидан ўзбек мигрантларини тўсатдан ва асоссиз равишда ҳибсга олиш ҳолатлари ортиб бораётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консуллиги эса, полициянинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Ўзбекистон бош консуллигига шикоят қилиш мумкинлигини маълум қилди.

Айтилишича, Туркияда йўқолиб қолган ёҳуд полиция томонидан ушланган юртдошларимизнинг яқин қариндошлари томонидан мурожаатлар сони ошиб бормоқда. Шу сабабли, Бош консулхонада Туркия ички ишлар вазирлиги, Миграция хизматининг Истанбул бошқармаси масъул вакиллари билан учрашув ташкил қилинди ва мурожаатлар ўрганилаётгани, муаммолар ҳал қилиниб, маълумотлар алмашинуви тезлашиши билдирилган.

Сўнгги йилларда бундай ҳолатлар кўпайиб бораётганининг сабаби хабарда очиқланмаган. Таъкидланишича, полиция томонидан ушланган мигрантга ноқонуний чора кўрилса, у бевосита Бош консуллик вакили билан учрашишни талаб қилишга ҳақлидир.

Мабодо, Туркиядаги ўзбек мигрантлари шундай вазиятга тушиб қолса, унинг яқинлари +90 212 323 20 39 телефон рақами орқали консуллик билан боғланиб, ёзма мурожаат қолдириши мумкин.

Туркияда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси очилди

Ушбу хабаримиз ҳам Туркия билан боғлиқ. Истанбул шаҳрида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси очилди. Мазкур ваколатхона Туркиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Ваколатхона Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги биносида жойлашган бўлиб, унинг манзили қуйидагича:

Истанбулдаги Бош консуллик манзили:

Levent Mah. Levent Cad. Lale Sok. No:8 Beşiktaş/İSTANBUL.

Tел: +90212 323 20 36 (37, 39)

Веб-саҳифа: http://uzconsulate.org.tr/

E-mail:          uzbekconsul@yahoo.com

Телеграм ва Ватсап рақамлари: +998900190007

Петербургда “сохта никоҳларни текшириш бошланди

Ўтаётган ҳафтада Санкт-Петербург прокуратураси турли ҳуқуқларга эга бўлиш мақсадида “сохта никоҳ” билан оила қурганларга қарши ов бошлади. Сир эмас, Россияга ишлаш учун борган мигрантлар ёки мамлакат фуқаролигини олиш ниятида бўлганлар кўпинча сохта никоҳдан ўтади. Шу билан улар мамлакатда яшаш шароитини яхшилаш, фуқаролик олиш, яхши иш топиш ва ўзлари учун кўп ҳуқуқларни қўлга киритишга интилади.

Санкт-Петербург прокуратураси ўтказилаётган амалиёт хусусида хабар қилар экан, сохта никоҳ аломатларини ҳам маълум қилди. Текширувлар турли манбалардан кимнингдир сохта никоҳдан ўтгани ҳақидаги хабар асосида бошланади. Муҳожирлар орасида бундай никоҳлар фуқароликни олишга йўл очса, уларнинг “турмуш ўртоқлари” маълум сумма миқдорида, айтайлик – 30 минг рубль ёки ундан кўпроқ “мукофот” ишлаб олиш имкониятини яратади.

Мутахассисларнинг айтишларича, бундай “эр-хотин” ўртасида оилавий муносабатлар бўлмайди. Оила-фақат қоғозда бўлади. Эндиликда, прокуратура “эр-хотин”нинг ёши, алоҳида ёки бирга яшаши, умумий рўзғор юритиши, қариндошларининг никоҳдан хабардорлиги ва фарзандлари борлиги билан қизиқади.

Улар “эр-хотин” билан алоҳида суҳбатлашиб, аввалги ва ҳозирги муносабатларини суриштиради. Айнан шундай суҳбатлар ваколатли ташкилотнинг никоҳнинг сохталиги ҳақида хулоса чиқаришига асос бўлади.

Текширувлардан сўнг РФ Оила кодексининг 27-моддасига кўра, никоҳ ҳақиқий эмас, деб тан олинади.

Россиядан 50 минг долларгача пул ўтказиш мумкин, мигрантлар-чи?

Ўтаётган ҳафтада Россиядан пул ўтказиш борасидаги чекловлар юмшатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Унга кўра, Россия Марказий банки Россия банкидаги ҳисоб рақамдан чет элга 50 минг АҚШ долларигача пул ўтказишга рухсат бергани маълум қилинди. Бундан аввал, чет элга ўтказиладиган валюта лимити 10 минг АҚШ доллари билан чекланган эди. Қайд этилишича, бу маблағларни ҳисоб рақами очмасдан ҳам ўтказиш мумкин.

Айни хабар мигрантлар орасида саволлар пайдо қилди: мигрантлар ҳам шунча пулни ўтказа оладими?

Йўқ, дўстлар, ҳамдўст мамлакатларнинг фуқаролари пул ўтказиш хизматлари орқали аввалгидек ҳисоб рақами очмасдан 5 минг АҚШ доллари ёки бошқа валютадаги эквивалентни ўтказа оладилар холос.

Австрия юристлари ўзбек мигрантларига ёрдам беради

Сир эмас, бугунги кунда ЕИда ҳам ўзбек мигрантлари сони ортиб боряпти. Қолаверса, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Европа мамлакатлари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу муносабат билан агентлик ва Австриянинг Eterna Tech юридик компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Эндиликда, компания адвокатлари Ўзбекистон фуқароларига ишлаш ва яшаш учун рухсатнома олиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўмак беради. Шунингдек, меҳнат масалалари бўйича ҳуқуқий ва ахборот ёрдами кўрсатилади.

Eterna Tech иммиграция қонунчилиги соҳасида катта тажрибага эга бўлиб, компаниянинг Дюссельдорф (Германия), Рига ва Киевда ваколатхоналари мавжуд.

Рус тилини смартфон билан ўрганиш имкони пайдо бўлмоқда

Ўзбекистонда рус тилини ўрганишни истаганлар учун мобил илова ишлаб чиқилди. “Россотрудничество” ваколатхонаси маълум қилишича, бу илова Ўзбекистоннинг рус тилини билмайдиган фуқаролари, айниқса, меҳнат мигрантларига рус тилини ўрганишларида ёрдам беради.

Таъкидлаш керак, ҳозирча, илова App Store ва Google Play платформаларига жойлангани йўқ, аммо тез орада пайдо бўлиши айтилмоқда.


Widget not in any sidebars

Навигация