Мақола

Ўт балосидан Ўзинг асра!

Ўтиб бораётган ҳафта бошида 2 ўзбекистонлик меҳнат мигранти Россиянинг пойтахт вилоятида содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинди. Маълум қилинишича, ўчирилмаган сигарета қолдиғи ўзбекистонлик мигрантларнинг ўлимига сабаб бўлган. Москва вилоятининг Митиши туманидаги кўп қаватли уйда рўй берган ёнғин 3 кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, хонадон эгаси 4-қаватдан сакраб, олган жароҳати натижасида вафот этган. 2 нафар Ўзбекистон фуқароси эса лифтда ҳаво етишмаслиги натижасида ҳаётдан кўз юмган. Вафот этган ватандошларнинг жасадларини Ватанга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Барчамизни ўт балосидан, туҳмат балосидан Аллоҳнинг ўзи асрасин.

Апрел ойида РВП олганлар рўйхати эълон қилинди

Якунланаётган ҳафтада РВП, яъни вақтинча яшаш рухсатномасини олиш учун 11 нафар ўзбекистонлик ҳам ҳужжат топширгани маълум бўлди. Аввалроқ, Москва шаҳри миқёсида РВП квотаси учун аризалар қабул қилишга эълон берилгани хабар қилинган эди. Умуман, апрел ойида 110 киши ушбу квотани қўлга киритган.

Ушбу рухсатномалар учун квоталар йил сўнггига қадар амал қилади. Квота олган фуқаролар РВП учун талаб қилинадиган ҳужжатларни Сахарово Миграция марказига олиб бориш зарур бўлади.

Россия ҳукумати ҳар йили РВП квоталарини тасдиқлайди. 2021 йили 39 минг 325 та квота берилган бўлса, 2022 йилда 18 минг 995 та квота берилган. Ушбу квота Россия минтақалари ўртасида тақсимланади.

Ниҳоят, Америка элчихонаси фаолиятини тўлиқ тиклади

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси 2 йиллик танаффусдан сўнг, ўз фаолиятини тўла равишда қайта тиклади. Америка Овози мухбири Навбаҳор Имомова кўпчилик ўзбекистонликларни қизиқтирган саволлар билан Американинг Тошкентдаги бош консуллиги раҳбари Роберт Романовскига мурожаат қилган.

Суҳбат чоғида «Green Card» дастури ва унинг 2020-2021 йилларда ғолиб бўлган, аммо виза ололмаётган иштирокчилари тақдири, ўзбекларнинг Америка визасини олишда қийналиш сабаблари ва ўзбеклар қай турдаги визалар талабларини бузаётгани ҳақида сўз боради.

Таъкидланишича, Тошкентдаги консулликда «Green Card» ғолибларининг виза мурожаатларини кўриб чиқиш бошланган. Ҳозирда, фақат 2022 йил ғолибларининг аризалари кўриб чиқилмоқда. 2020- ва 2021-пандемия йилларида «Green Card» ютганларнинг тақдирини Америка судлари ҳал этади. Давлат департаменти суд ҳукмидан келиб чиққан ҳолда консулликларга йўриқнома беради. Бош консул Романовскига кўра, бутун дунё бўйлаб 2020 ва 2021 йилги дастур ғолибларини қабул қилиш билан шундай ҳолатлар мавжуд.

Тошкентга Москвадан яна бир авиарейс қўйилмоқда

Россиянинг “Аэрофлот” авиакомпанияси Тошкентга янги тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўймоқда. Рейслар фаолияти 20 майдан бошланади.

Парвозлар Москванинг Шереметево аэропортидан Тошкент халқаро аэропортига тўғридан-тўғри амалга оширилади.

Москва – Тошкент рейси бўйича авиачипталар нархи 10,3 минг рублдан, Тошкент – Москва рейси чипталари 14 минг рублдан бошланади.

Шунингдек, 21 майдан эътиборан “Россия” авиакомпаниясининг Сочидан Тошкентга учаётган рейслари бекор қилинади. Ушбу авиарейсларга чипта харид қилганларнинг чипталари “Аэрофлот”нинг Москвадан Тошкентга учадиган рейсларига қайта расмийлаштириб берилади.

Жудаям ажойиб, авиапарвозлар қанча кўп бўлса, мигрантларимизга шунча яхши, чунки чипталар арзон бўлади.

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликларига фуқаролардан пул олиш тақиқланмоқда

Хорижий мамлакатлардан иш топиб берувчи хусусий бандлик агентликлари иш топиб бергани учун фуқаролардан хақ олиши қонунан тақиқланиши режалаштирилмоқда. Улар хизмат ҳақини иш берувчидан олиши белгиланмоқда. Шунингдек, Хусусий бандлик агентликлари тегишли лицензияси бўлсагина фаолият юритиши мумкин. Хусусий бандлик агентликлари фуқароларга маслаҳат бергани учун БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм)дан кўп бўлмаган миқдорда пул олишларига рухсат берилмоқда.

Қўшни давлатлар билан автобус қатновлари тикланди

Ниҳоят, 2 йиллик ковид-танаффусдан сўнг, Ўзбекистондан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга йўловчи автобус қатновлари тикланди. Таъкидлаш керак, автобус қатновлари чипталарнинг нисбатан арзонроқлиги билан ажралиб туради. Рейслар жадвали ва нархлар қуйидаги жадвалда келтирилган.

12:00 | Тошкент – Чимкент (чипта нархи 60 000 сўм)

16:00 | Тошкент – Олмаота (чипта нархи 200 000 сўм)

17:00 | Тошкент – Олмаота (чипта нархи 200 000 сўм)

18:00 | Тошкент – Нур-Султон (чипта нархи 350 000 сўм)

18:00 | Тошкент – Олмаота (чипта нархи 200 000 сўм)

18:00 | Тошкент – Хўжанд (чипта нархи 100 000 сўм)

18:00 | Тошкент – Бишкек (чипта нархи 250 минг сўм)

19:00 | Тошкент – Туркистон (чипта нархи 100 000 сўм)

19:00 | Тошкент – Қизилўрда (чипта нархи 200 000 сўм)

19:00 | Тошкент – Бишкек (чипта нархи 250 минг сўм)

19:30 | Тошкент – Олмаота (чипта нархи 200 000 сўм)

Бундан ташқари, Қўқон– Хўжанд, Термиз – Душанбе ва Нукус – Олмаота йўналишларида автобус қатновлари ҳам тикланган. Денов – Душанбе ва Самарқанд – Панжикент йўналишларида тажриба-синов тариқасида қатновлар йўлга қўйилган. Ҳозирча, Россияга автоқатновлар тикланганича йўқ.

Тошкентдан йўлга чиқадиган рейслар, чипталар нархи ва бошқа саволлар юзасидан автовокзалнинг маълумот бўлимига қўнғироқ қилиш мумкин.

Автовокзал телефон рақами: 71 207 87 00.


Widget not in any sidebars

Навигация