Мақола

Энди Америкага виза бериладими? «Green Card» ғолиблари нима қилиши керак?

“Америка овози” мухбири Навбаҳор Имaмова Америка элчихонаси Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўлақонли қайта тиклагандан сўнг виза, «Green Card» ва унинг 2020-2021 йиллардаги ғолиблари, шунингдек нега ўзбеклар Америкага виза олишда қийналаётганлари тўғрисида АҚШ бош консули Роберт Романовски билан суҳбатлашди.

  • Виза муддати тугашини кутмай қайтиш шарт. Ўзбекистон фуқаролари шу пайтгача ватанга қайтиш бўйича ишончни қанчалик оқлай олган?

Давлат департаменти буни чоп этмайди, бироқ биз қайтиш масаласини чуқур ўрганамиз. Виза тури ва уларнинг бузилиш ҳолатларини кузатамиз. Умумий маълумот сайтимизда бор. Биз бунда муайян давлат фуқароларига эмас, қай турдаги визалар бузилаётганига эътибор қаратамиз. Агар бирор категориядаги виза тўғри қўлланилмаётган бўлса, бу ҳолат қарорларимизга таъсир қилади. Натижада ана шундай визаларни беришда ўзгаришлар қиламиз.

Биз ҳозир Ўзбекистонда ҳатто ёзда АҚШ га саёҳат ва у ерда вақтинча ишлаш имкониятини берувчи виза ҳам беряпмиз. Бу учун талаба бўлишингиз керак. Ишлайсиз, шунингдек Америка билан яқиндан танишасиз. Бу дастур ҳамма давлатларда ҳам таклиф қилинмайди. Чунки борганлар кўп ҳолларда қолиб кетади. Икки йиллик танаффусдан сўнг бу лойиҳани қайта йўлга қўйдик. Аллақачон бир неча одамга айнан шу турдаги визаларни бердик. Талабалар ҳозир тайёрланишяпти.

  • Одамлар Америка консуллигидаги интервюга қўрқинч ва ҳавотир билан боришади. Асабийлашишлари сиз билан бўладиган суҳбат ва натижага таъсир қилади. Сиз бундай масалага қандай ёндашасиз? Сиз ўзбеклар билан бевосита ишлайсиз ва фаолият давомида турли характердаги одамлар билан ишлагансиз. Ўзингизни бу ҳолатга қандай тайёрлайсиз?

Бу ишимнинг ажойиб қисми. Америка бориш учун хилма-хил сабабларни кўрамиз: АҚШдаги набираларини кўришга кетаётган бувилар, тадбиркорлар, талабалар, Американи айланишни истаган бойлар. Улар билан мулоқот бизнинг ундалик ишимиз. Буларсиз зерикиб қолардик, менимча.

Бирров бўлсада одамлар билан гаплашамиз, нима учун Америкага бормоқчи эканини ўрганамиз, шунча одам мамлакатимизга интилаётгани мени хурсанд қилади.

Биз одамлар Америкага интилаётганини олқишлаймиз, шу билан бирга бераётган визаларимиздан тўғри фойдаланаётганларини назорат қиламиз. Турист бўлиб борган одам, у ерда иш қидириб, номаълум муддат қолиб кетмаслиги керак.

Кун бўйи чарчаймиз, албатта. Лекин кўнглимиз кўтарилади. Чунки биз бераётган виза орқали кимдир ёзни мазза қилиб ўтказади. Масалан сиз биладиган жойларда, «МacDonald’s” да, океан бўйларида… Биласизки улар вақтини мароқли ўтказади. Бизнинг табиат зоналаримизга кетаётганлар бор, бизда кўришга арзигулик жойлар кўп. Улар билан суҳбатлашиб, тўлқинланиб кетамиз. Баъзида суҳбатлар чўзилиб кетади, лекин вақт оз. Америкага кетмоқчи бўлганларга ўзингиз билган жойлар ҳақида гапириб бергинг келади!

  • Консуллик ходимлари қандай тренинглардан ўтишади ва улардан нима талаб этилади? Жараён қандай?

Виза турлари ва паспорт масалалари бўйича бир нечта белгиланган тренинглар бор. Қоидаларимиз кўп, тартиб мураккаб. Ҳар бир визанинг ўз шартлари ва асослари бор. Нима мумкин, нима мумкин эмас, шу билан бирга этик жиҳатлар, процедуралар, асосий тренингларимиз бор. Вақти-вақти билан билимимизни чархлаб турамиз. Ишимизни тўғри ва пухта қилишимиз керак.

  • Сиз учун тил билиш қанчалик фойдали?

Жуда муҳим! Маданий омиллар ва мураккабликларни англаш жуда зарур. Рус ва ўзбек тилларини биладиган мутахассисларимиз бор. Тилни яхши билсангиз айни муддао, жараён осон кечади.

  • «Green Card» бериш яна тўлиқ бошландими?

Ҳа, бу жараён яна тикланди. Ойма-ой бу борада йиғилиб қолган ишларни битиряпмиз. Пандемиядан олдингига қараганда ҳозир икки баробар кўпайган. Аризаларни кўриб чиқяпмиз. Ўзбекистонда «Green Card» га қизиқиш жуда юқори. Буни лоторея ўйнайдиганлар сонидан билиб олиш мумкин. Бу Америкага хос бўлган, уникал дастур. Буни ютганларнинг ишлари вақтида ҳал бўлмай қолган вақтлар ҳам бўлди. Шу учун ҳозир жараённи жадаллаштиришга, барча аризаларни тез-тез кўриб чиқиб, интервюларни ўтказишга ҳаракат қиляпмиз.

  • 2020 ва 2021 йилда «Green Card» ютганларнинг иши нима бўлди?

Уларнинг масалалари судларда. Давлат департаменти уларнинг ҳукмларига қараб бизга йўриқнома беради. Биз шуни кутяпмиз. Бутун дунё бўйлаб шундай ҳолат мавжуд. Айни вақтда эса фақатгина 2022 йил ғолиблари билан машғулмиз. 2020 ва 2021 да ютганлар кутишлари зарур.

  • Кўпчилик консуллик билан алоқа қилишда муаммо бор деб, шикоят қилади. Юборилган хатларни тушуниш қийин, алоқага чиқиш мураккаб, Биз уларга консулликдан сўрашни маслаҳат берамиз. Бу тўғрими?

Тўғри, пандемия даврида электрон почталаримиз хатларга тўлиб кетди. Вақтида жавоб бера олмадик, чунки ходимларимиз камайди, лекин ҳозир тўлиқ режимга қайтганмиз. Айниқса, миграцион виза берилган мурожаатлар устида кўпроқ ишлаяпмиз.

Навигация