Мақола

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 июль куни миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Унда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари фаолиятини тартибга солиш, уларнинг асосий вазифаларини аниқлаш ва чегаралаш, зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда раҳбарлар ва ходимларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш белгиланган.

Қарорда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ходимлари ўртасида аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда, жумладан бошқарилмайдиган навбат кутишларда коррупция ва хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича чоралар ишлаб чиқиш буюрилган.

Ўзбекистон фуқаролари энг кўп бўладиган давлатларнинг миграция соҳасидаги қонунчилик асослари ўрганилиб, ташқи миграция ҳолати доимий таҳлил қилинади, мамлакат фуқаролари учун қулай шароит яратишга қаратилган халқаро шартномалар тузилади.

Доимий ва вақтинчалик прописка, яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш, Ўзбекистондан чиқиш, келиш ва мамлакатда бўлиш, фуқароликка қабул қилиш, чиқариш ва бекор қилиш, сиёсий бошпана бериш соҳасида интеграциялашган маълумотлар базаси ишга туширилади.

Фуқароларнинг чет давлатларда ишлашига рухсат бериш ва рўйхатга олиш тартиблари соддалаштирилади. Шу билан биргаликда, паспорт тизими қоидаларига риоя этилиши бўйича назорат кучайтирилади.

Мутасадди вазирлик ва ташкилотлар томонидан бир ой муддатда хорижга чиқиш паспортларини жорий этиш босқичлари ва муддатлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Изоҳ қолдиринг

Навигация