Мақола

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Қозоғистон, Туркия, Оман султонлиги билан ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини ташкилий равишда ушбу мамлакатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишларини таъминлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 10 август куни Урганч шаҳрида “Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари” мавзусидаги семинар-тренингда агентлик раҳбари вазифасини бажарувчи Х.Асамов маълум қилди.

Агентлик матбуот хизматининг хабарига кўра, айни дамда азалий ҳамкор Корея билан бирга,  Япония, Польша ва Россия билан ҳамкорлик бошланган. Айниқса Россия Федерацияси билан Битим имзолангандан сўнг ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган битимга мувофиқ, Россияда меҳнат қилаётган ва меҳнат қилиш истагида бўлган фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимояланади. Иш берувчининг мигрантларни ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилишда иштирок этишининг мажбурий шартлари қуйидагилар:

  • зарурий санитария-гигиена ва бошқа меъёрларга мувофиқ яшаш жойлари;
  • меҳнатнинг  хавфсиз шартлари;
  • иш жойларида тезника хавфсизлигини таъминлаш;
  • меҳнатни қўриқлаш;
  • Россия Федерация қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам даражадан кам бўлмаган кафолатланган меҳнат ҳақи бериш.

Айни дамда Ташқи миграция, рекруция фаолияти тўғрисида янги қонун лойиҳалари яратилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Агентликнинг филиаллари Ўзбекистоннинг барча вилоятларида очилиши мақсад қилинган. Шунингдек, Россиянинг 8 та шаҳрида, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўпчиликни ташкил этадиган Қозоғистон, Корея, Япония, Польшада ҳам ваколатхоналар очиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган битим мехнат миграцияси жараёнларини қонуний оқимга солиш имконини беради, меҳнаткаш ишчиларнинг ўзга юртда ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлайди. Бундан ташқари, одам савдосига сабаб бўлувчи ноқонуний миграциянинг олдини олишга ёрдам беради.

Навигация