Мақола

Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида Ички ишлар вазирлиги томонидан республика миқёсида “Тозалаш-Антитеррор” махсус профилактик тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир мобайнида доимий яшаш жойларидан бошқа давлатларга узоқ муддатга кетган 71 минг 948 нафар шахс аниқланиб, ички ишлар органларининг рўйхат ҳисобига олинди. Бу ҳақда Darakchi.uz сайти ИИВ маълумотларига таяниб хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, доимий яшаш манзилига узоқ муддатдан қайтган 67 минг 988 нафар шахс профилактик ва тезкор ишловлардан ўтказилиб, 15 минг 719 нафарнинг турмуш тарзи тезкор қамровга олинди.

Жами 77 минг 097 та паспорт-виза қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Шундан, Ўзбекистон ҳудудида бўлиш қоидаларини бузган 386 нафар хорижий ҳамда МДҲ давлатлари фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатдан чиқариб юборилди.

Тадбирга ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва 27 минг 002 нафар жамоатчилик вакиллар (МФЙ раислари, маҳалла посбонлари, жамоат ташкилотлар вакиллари ва бошқа фаоллар) жалб қилинди.

Навигация