" />
" />

Мақола

1996 йилдан бери 50 мингдан зиёд ўзбекистонлик Жанубий Кореяда меҳнат қилди. Бироқ сўнгги йилларда ўзбекистонлик ишчиларга ажратилувчи квоталар сони қарийб икки баробарга қисқариб кетди. Беш-олти йил муқаддам ҳар йили 5 минг атрофида ишчилар жўнатилган бўлса, айни пайтда 3 минг атрофида тушиб қолди. Бунга Жанубий Корея томонининг ўзбекистонлик ишчиларга нисбатан билдирган бир қанча норозилик ва эътирозлар сабаб бўлмоқда.

Биринчи ва энг асосийси, ўзбекистонлик ишчиларнинг корейс тилини билмаслиги. Корея Республикаси ҳукумати билан тузилган меморандумга мувофиқ, Жанубий Кореяга фақат корейс тилини ўзлаштирган ишчилар бориши лозим эди. Бироқ ўтган йилларда Миграция агентлиги тизимида коррупция ҳолатлари авж олиб, корейс тилини билганлар ўрнига пул бериб, таниш-билиш орқали имтиҳонлардан “муваффақиятли” ўтганлар Кореяга йўл ола бошлади. Шундай вазиятлар бўлдики, ўнлаб номзодлар “Инчон” аэропортининг ўзидан ортга қайтарилди. Тил билмаслик натижасида ўзбекистонлик ишчилар билан турли тушунмовчиликлар, талофатлар, жароҳат олишлар содир бўлди.

Иккинчи эътироз шундан иборатки, турли йўллар билан Кореяга борган ишчилар шартнома тузиб, уни таклиф қилган корхона ва заводнинг шарт-шароитлар, маошини баҳона қилиб бошқа кўпроқ пул тўлайдиган заводларга ўтиб кета бошлашди. Ваҳоланки тузилган шартномада фақат икки ҳолатда уни бекор қилиб, бошқа ишга ўтиш мумкинлиги ёзилган эди. Улар корхона шарт-шароити саломатликка кучли салбий таъсир қилса ёки корхона банкротликка учраса. Биринчи сабабга кўра, ўзбекистонлик ишчи ҳақиқатдан ҳам корхонада ишлаш саломатлигига зарар етиши тиббий жиҳатдан исботлаб, тиббий текширувлар, шифокор хулосаларини тақдим этиши лозим. Аммо ўша “кам” ойлик ҳам 1-1,5 минг доллардан кам эмас, бир оз сабр қилиб ишласа, маошлари кўтарилиши, кўпроқ пул ишлашга имконият пайдо бўлиши мумкин эди.

Учинчи эътироз кўплаб ўзбекистонликларнинг Кореяда қонундан қочиб юриши, яъни “нелегал” ишлаши билан боғлиқ. Шартнома муддати тугаши ёки иккинчи эътирозда айтилганидек кўпроқ ойлик берадиган жойларга ноқонуний ўтиб кетиши, шунингдек, Жанубий Кореяга савдо, туризм, ўқиш, даволаниш каби турли сабаблар билан борволиб, “нелегал”га қочиб кетиш ҳолатлари ҳам Ўзбекистон учун ажратилган квотанинг қисқаришига олиб келди.

Тўғри, Кореяда ойлик катта, харажат максимал даражада кам. Завод ётоқхонасида ётиб, ошхонасида овқатланса ёки овқат учун ажратилган пулларни олиб, ётоқхонада тайёрлаб еса, ойига ўртача 1,5-2 минг доллар пул ишлаш мумкин. Сўмга чақсак 15-16 миллион сўм дегани. Ўзбекистонда бу пулни бир йил ишлаб ҳам топиш қийин. Ўшангами, одамларнинг кўзига пулдан бошқа нарса кўринмай қолди. Бошқалар билан нима ишим бор, имкониятдан фойдаланиб кўпроқ пул ишлаб олай, деб ҳар қандай қонунларни писанд қилмай қўйишди. Биргина унинг очкўзлиги ортидан ўнлаб, юзлаб одамларнинг йўл ёпилди, Кореяга ишга кетиш йилдан-йилга қийинлашди, квоталар камайиб кетди. Баъзилар ишга кетиш учун пора берди, бошқаларнинг, ундан кўра муносиброқ номзодларнинг ҳаққини ейишдан қўрқмади. Айримлар эса беш, ўн йил ишлаб келиб, топганига қаноат қилмасдан яна ва яна ҳаракат қилди, ўзи, ака-укалари, бутун қариндош-уруғларини ҳам олиб кетди. Агарда улар барчасини қонунан ва виждонан қилганларида ҳалолинг бўлсин, қаддингни ур, деган бўлар эдим. Аммо қарийб ўн йилдан бери корейс тилидан дарс бериб, кўплаб одамларни ўқишга тайёрлаган, уларни Кореяга шахсан кузатиб қўйган инсон сифатида айтишим мумкинки, жуда кўпчилик ноинсофлик қилди. Бу ноинсофлик жабрини ўн йиллардан бери корейс тилини ўқиб, ўрганиб, ҳатто сув қилиб ичиб юборган, аммо имтиҳон топширадиган хона остонасини ҳатлаб ҳам ўта олмаганлар тортишди.

Худога шукурки, ҳозир вазият анча ўзгарди. Миграция агентлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди, имтиҳон олиш жараёнлари шаффофлаштирилиб, барчага бирдек имкониятлар берилмоқда. Айни пайтда янги ташкил этилган Комплекс тест маркази кунида ҳар куни “жетон” учун тўрттадан сеансда имтиҳон олинаяпти. Имтиҳон натижаларига кўра рейтинг тузилиб, унда юқори ўринларни олганлар EPS-Topik имтиҳонини топширади. EPS-Topik имтиҳони фақатгина корейслар томонидан олиниб, икки босқичда ўтказилади: биринчи босқичда тест савол-жавоблари бўлса, иккинчи босқичда суҳбат ўтказилади. Ана шундай чиғириқлардан ўтганларгина Кореяда ишлаш имкониятини қўлга киритади.

Санжар Саид

Навигация