Мақола

Россиянинг Ёқутистон Республикасидаги Намци қишлоғи маъмурияти ва тергов органлари ўзбекистонлик уч шахснинг маҳаллий аҳоли вакилларидан бирига ҳужум қилгани ҳолати бўйича текширув ўтказмоқда. Ҳодиса маҳаллий аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқарган. Одамлар ўзбекистонликлар ишлаган кафе олдида тўпланишиб, уларни дарҳол депортация қилиш ҳақида талаб билан чиқишган, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

«Воқеа Намци қишлоғидаги бозорда эрталаб юз берган. Қоровул дўконлардан бирининг ишчилари ўз объектини қўшни бино олдидан олинган қор билан совуқ кирмайдиган қилиб тўғирлаётганини кўриб қолади. У «ўзгалар» қорини олиш яхши эмаслиги ҳақида гапирган. Шундан сўнг ўртада можаро келиб чиққан», – дея хабар берди Намци қишлоғи раҳбарининг қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик бўйича ўринбосари Ефим Гоголев.

Бозор раҳбари Иван Никитин ҳам можаро арзимаган нарсадан келиб чиққанини тасдиқлаган: «Ҳодисага бизнинг газ оператори аралашиб қолди, у баъзан қор тозалайди ва биноларни қўриқлайди. У қорни олиб кетишаётганини кўриб, жаҳли чиқиб кетди ва ҳақорат қила бошлади. У ўша кафедаги йигитлар билан таниш, бироқ уни уларнинг ёрдамчиси урган. Албатта, ёқимсиз вазият, бироқ шунақаси ҳам бўлиб туради».

Иван Никитиннинг аниқлик киритишича, ўзбекистонлик шахслар бозорда умумий овқатланиш нуқтасини ижарага олиш ҳуқуқи билан ишлайди, Россия фуқаролигига эга ва қонунларга риоя этади.

«Ушбу ҳолат бўйича текширув ўтказилмоқда, унинг натижалари бўйича амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли процессуал қарор қабул қилинади», – дея хабар беришган Россия ИИВнинг Ёқутистон бўйича бошқармаси матбуот хизматидан.

Манба: Kun.uz

Навигация