Мақола

Маълумки, 30 июнь куни Тошкентдаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қатнашиб, нутқ сўзлади. Ёшлар ҳаёти, “Камолот” ҳаракати фаолиятидаги кўплаб муаммолар ҳақида тўхталган Президент чет элларда ишлаб юрган ўзбек ёшлари тўғрисида ҳам айрим фикрларни айтиб ўтди.

“Ҳозирги вақтда чет элда ишлаб юрган айрим ёшларнинг терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолаётгани билан боғлиқ муаммо барчамизни қийнамоқда, – деди Президент. – Лекин, қайси ҳоким ёки вазир, қайси жамоат ташкилотининг раҳбари мана шу ёшлар хорижда нима қилиб юрибди, қандай кун кечиряпти, деб қизиқиб кўряпти?”

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, кўпгина давлатларда ўз фуқаролари бўлган, хориждаги ёшлар билан ишлаш бўйича тузилмалар бор. Улар тажрибаси ўрганилган ҳолда келгусида Ўзбекистонда ҳам чет элларда ўқиётган, меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб борадиган, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган бир ташкилот тузилади. “Ўзимизнинг болаларимиз ҳақида ўзимиз ўйламасак, ким ўйлайди?” – деди Президент ушбу ташкилот ҳақида таклифини билдирар экан.

Президент топшириғига кўра, ушбу масала бўйича Давлат маслаҳатчиси А.Юнусхўжаев, ташқи ишлар вазири А.Комилов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Абдуҳакимов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда таклифлар киритади.

Навигация