Мақола

Россияда ОИВ-инфекцияси билан касалланган энг кўп инсонлар Иркутск вилоятида яшайди, бу ерда ҳар 100 минг аҳолига ушбу ташхис билан яшовчи 1,7 минг киши тўғри келади. Бу ҳақда РБК Роспотребнадзор ҳузуридаги ОИТС Федерал маркази ҳисоботига таяниб хабар қилди.

Иркутскда 68,4 мингдан кўпроқ мигрантлар бор. Уларнинг 22,5 минг нафари Ўзбекистондан, 8,5 минг – Тожикистон, 4 минг – Қирғизистон.

Шунингдек, касаллик қайд этилган ҳолатлар бўйича «етакчилар» орасида – Свердловск, Кемерово, Самара ва Тюмень вилоятлари.

Свердловск вилояти Россиянинг Марказий Осиёдан меҳнат мигрантлари учун энг ўзига жалб қилувчи 5 минтақасидан бири саналади. Хабар қилинишича, 2015 йилда Свердловск вилояти ҳудудига қарийб 144 минг хорижлик келган.

Улардан 52,5 минг – Тожикистон фуқаролари, 33,1 минг – Қирғизистон, 14,3 минг – Ўзбекистон.

Самара вилоятида Марказий Осиёдан 210 минг мигрантлар рўйхатдан ўтказилган. Улардан 65,8 минг – Ўзбекистон, 39,5 минг – Тожикистон, 16,1 минг – Қирғизистон фуқаролари.

Тюмень вилоятида ҳаммаси бўлиб 58,6 минг мигрант бор: Тожикистондан – 17,7 минг, Ўзбекистондан – 15,9 минг, Қозоғистондан – 6,5 минг, ва Қирғизистондан – 6 минг.

Дастлабки маълумотларга кўра, Россияда 1 ноябрь ҳолатига кўра 924,6 минг россиялик ОИВ-инфекция билан яшайди. 2017 йилнинг ўн ойи давомида 79 мингта янги касалланиш ҳолати қайд этилди. 2017 йилда касалланиш кўрсаткичи бўйича Кемерово вилояти (100 минг аҳолига 174,5 та янги ОИВ-инфекцияси қайд этилган), Иркутск (134), Свердловск (128,1) вилояти «етакчи».

Россияда йил бошидан бери 24,7 минг касалланган инсон ҳаётдан кўз юмди, бу 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 8,2 фоизга кўпроқ.

БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича Бирлашган дастурининг (ЮНЭЙДС) Шарқий Европа ва Осиё бўйича минтақавий директори Виней Салдананинг РБКга хабар беришича, жаҳонда ҳаммаси бўлиб тахминан 37 миллион киши ОИВ билан яшайди. Улардан 21 миллиони махсус терапияни қабул қилади, у вирусга ривожланишга имкон бермайди ҳамда бундай одамларни атрофдагилар учун хавфсиз қилади. Унинг сўзларига кўра, бундай чоралар «Шарқий Европа ва Марказий Осиёдан ташқари, жаҳоннинг деярли барча минтақаларида ОИВ билан касалланишнинг янги ҳолатлари пайдо бўлишини пасайтириш» имконини берди. Салдананинг таъкидлашича, 2010 йилдан бери жаҳоннинг бу қисмларида ҳар йили ОИВ билан касалланиш ва ОИТСдан вафот этиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Салдананинг айтишича, Россияда 30-39 ёшлар оралиғидаги тахминан 2 фоиз катталар ОИВ ташхиси билан яшайди. «Бу меҳнатга лаёқатли ёш ўртасида тарқалишнинг жуда катта фоизи, аслида уларнинг сони бундан ҳам кўп, сабаби кўплар ўзи касаллангани ҳақида билмайди», – дея таъкидлаб ўтди у. Унинг маълумотларига кўра, Россияда тахминан 900 минг киши ОИВ билан яшайди, уларнинг фақатгина учдан бир қисми дори-дармонлар қабул қилиш имкониятига эга.

Навигация