Мақола

20 сентябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва «Адолат» социал-демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун зарур ҳужжатлар: Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партиялар раҳбарлари томонидан имзоланган аризалари, Адлия вазирлигининг сиёсий партиялар рўйхатга олинганлиги кўрсатилган маълумотномалари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодлар тўғрисидаги маълумотларини тақдим этдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар қилди.

19 сентябрь куни эса «Миллий тикланиш» Ўзбекистон миллий демократик партияси ва Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O’zLiDeP) ҳам президент сайловда қатнашиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этган эди.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар ваколатли вакилларига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана қайд этилган маълумотномаларни берди.

– Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади, – деди Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари К.Адилов. – Амалдаги қонунчиликка мувофиқ сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш навбатига қараб марказий матбуотда эълон қилинади.

Навигация