Мақола

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари томонидан 2008 йилдан буён ҳар йили май-июнь ва сентябрь-октябрь ойларида икки ҳафталик “Нелегал” операцияси ўтказиб келинади. Шу кунларда “Нелегал” операциясининг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Хусусан, Россия Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги топшириғига биноан Россия Федерацияси ҳудудида 2017 йил 22 майдан 2 июнгача операциянинг биринчи босқич ўтказилган бўлса, 25 сентябрдан 6 октябрга қадар иккинчи босқичи давом эттирилмоқда.

Операция вақтида ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши тезкор операциялар ўтказилади.

Хусусан, Россия пойтахти Москва шаҳрида ҳам икки ҳафталик тезкор рейдлар давом этмоқда. Полиция ва ФМС ходимлари автобус ва енгил автомобилларни текширмоқда, бозор ва савдо марказларида ноқонуний фаолият кўрсатаётган, қидирувда бўлган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни аниқлаш бўйича рейдлар ўтказмоқда. Миграция қонунчилигини бузганларга нисбатан 5 минг рубль миқдоридаги жарима ва мамлакатдан чиқариб юбориш жазо чораларини қўлламоқда.

“Бизда шубҳа уйғотган ёки шаҳар ҳудудида миграцион қонунчиликни бузган ҳолда бўлиб турган шахслар шаҳар полицияси ҳудудий бўлинмаларига олиб борилмоқда ва у ерда маъмурий жавобгарликка тортилмоқда”, — деди Москва шаҳар ЮВАО бўйича ДПС алоҳида батальони рота командири ўринбосари Алексей Склеров “360” каналига берган интервьюсида.

Ингушетияда ҳам “Нелегал-2017” операцияси доирасида ўтказилган рейдлар жараёнида етти нафар озарбайжонлик ва ўзбекистонлик ноқонуний мигрант Россияда бўлиш ва яшаш режимини бузгани сабабли қўлга олинди.

Красногорск шаҳрида эса Россия УМВД ходимлари мамлакат миграцион қонунчилигини бузган 30 нафардан зиёд чет элликни аниқлади.

Шимолий Осетияда фуқароларнинг ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича ўтказилаётган “Нелегал-2017” операциясида ноқонуний миграция ва одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар ва жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйилди, деб хабар қилди Шимолий Осетия ички ишлар вазири матбуот хизмати.

Операция доирасида хорижий фуқаролар меҳнатидан фойдаланувчи иш берувчилар, турар жой секторлари ва бошқа объектларда текширувлар ўтказилмоқда. 25 сентябрдан буён миграция соҳасидаги Россия қонунчилигини бузган 44 нафар чет эллик аниқланди. Чет элликларни меҳнат фаолиятига жалб этган етти Россия фуқаросига нисбатан баённома тузилган.

Навигация