Мақола

 

Тюменда ўтказилган текширув мобийнида Маршал Захаров кўчасидаги квартираларнинг бирида Россия миграцион қонунчилигини бузиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Аиф-Тюмень Россия ИИВнинг Тюмен вилояти бўйича бошқармасига таяниб хабар қилди.

Полиция ходимларининг аниқлашича, аввал судланган тюменлик аёл 2017 йилнинг январидан июлига қадар ўз квартирасига МДҲ давлатларидан бирининг 315 нафар фуқаросини ноқонуний равишда рўйхатга қўйган. Бунинг учун ҳар бир чет элликдан 500 рублдан пул мукофоти олган.

“Резина” квартира ташкил этган тюменликка нисбатан 100 минг рублдан 500 минг рублгача жарима ёки уч йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, сохта равишда миграцион ҳисобдан ўтиш Россияда тез-тез учраб туради. Регистрация муаммосини тезда ҳал бўлишини истаган чет элликлар, шу жумладан ўзбекистонликлар ҳам оқибатини ўйламасдан туриб ноқоний ишга қўл уришлари мумкин. Биринчидан, яшаш жойи бўйича сохта рўйхатдан ўтиш Россия қонунчилигининг бузилиши бўлиб, нафақат уй эгалари, балки рўйхатга қўйилган шахслар ҳам жавобгарликка тортилади. Иккинчидан, қонуний регистрация, бу – чет эл фуқаросининг РФ ҳудудида бўлиш ва ишлаши учун мажбурий бўлган ҳужжат ҳисобланади. Учинчидан, хориж фуқароси келгусида патент, РВП, ВНЖ каби ҳужжатларни олиш, РФ фуқаролигини қўлга киритиш истагида бўлса, бирор марта бўлса ҳам ноқоний ҳужжатларга эга бўлса, бу – ИИВ базасида аниқ бўлади ва чет элликка зарур ҳужжатлар берилмаслиги мумкин.

Навигация