Мақола

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий ёллаш ва жалб этиш бўйича Россия-Ўзбекистон ҳукуматлараро битимини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Россия Давлат думаси томонидан 24 ноябрь куни қабул қилинган ва мамлакат Федерация Кенгаши томонидан 29 ноябрь куни тасдиқланган ҳужжат РФ ҳуқуқий маълумотлар расмий сайтида эълон қилинди.

2017 йилнинг 5 апрель куни Москвада имзоланган битим Ўзбекистон фуқароларини Россияда манзилли ишга жойлаштиришни таъминлашга йўналтирилган ва уларни ўз ватанлари ҳудудида иммиграцияга қадар тайёрлашни назарда тутади. Шу мақсадларда Россияда ишга жойлаштириш имконияти ҳақида маълумот бериш, иш берувчилар билан номзодларни мувофиқлаштириш, шунингдек меҳнат шартномалари лойиҳалари, Россия Таълим ва илм-фан вазирлиги томонидан тавсия этилган, комплекс имтиҳон топшириш бўйича ўқув-услубий материалларга мувофиқ таълим бериш назарда тутилган.

Бундан ташқари, битимда бўлажак меҳнат мигрантлари соғлиғи ҳолатини назорат қилиш, халқаро ёки давлатлараро қидирувда эмаслигини аниқлаш, судланганлик ҳолатини текшириш, Россиядаги иш жойига боришини ва Ўзбекистонга қайтишини ташкиллаштириш, шунингдек РФда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда бериш кўзда тутилган.

Битим Россия Федерацияси томонидан хорижий фуқароларни Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб боришга ташкилий ёллаш ва жалб этиш масаласи бўйича имзоланган биринчи халқаро ҳужжат саналади.

Навигация