Мақола

oliy-majlis

8 сентябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма йиғилишида Президент вазифа ва ваколатлари Бош вазир Шавкат Мирзиёевга вақтинча юклатилди. Ўзбекистон Конституциясининг 96- моддасида эса Ўзбекистонда амалдаги Президент ўз вазифаларини бажара олмай қолган тақдирда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Сенат раиси зиммасига юклатилиши белгиланган.

Демак, 2 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этганидан сўнг ўз-ўзида Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев унинг ўрнини эгаллаши, мамлакатда уч ой ичида президентлик сайлови ўтказилиб, янги раҳбар сайланиши лозим эди. Аммо қўшма мажлисда Сенат раиси Президент вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига юкламасликни сўраб мурожаат қилди. Унинг Бош вазирни вазкур масъулиятли лавозимга тайинлаш ҳақидаги таклифи бир овоздан қўллаб-қувватланди. Табиийки, Конституция моддасида кўзда тутилмаган мазкур ҳолат турли тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Айниқса, Ўзбекистондан ташқарида фаолият кўрсатувчи оммавий ахборот воситалари Бош вазирнинг Президент вазифаларини вақтинча бажаришга киришгани кескин танқид остига олди, мазкур ҳолатни ўз мақсадлари йўлида талқин қилди.

Бу каби гап-сўзларга ўзбекистонлик мутахассислар, ҳуқуқшунослар томонидан кеч бўлса-да муносабат билдирилиб, қўшма мажлисда қабул қилинган қарорнинг Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зид эмаслигига ойдинлик киритилди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

Акмал Саидов Сенат Раиси Ўзбекистон Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига юкламасликни сўраб мурожаат қилса, Президентнинг вазифа ва ваколатларини Бош вазири зиммасига юклаш бўйича бир қатор конституциявий-ҳуқуқий асосларини санаб ўтди. Жумладан, улар қуйидагилар:

Конституциянинг 81-моддасига кўра, Олий Мажлис палаталарининг келишувига биноан уларнинг қўшма мажлислари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ҳар қандай муҳим масалалари юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.

Сенат Раиси Президент вазифа ва ваколатларини бажариш унинг зиммасига юклатилишидан воз кечган тақдирда, парламент уни мазкур ваколатларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида Олий Мажлис Сенати Раисининг Президент мажбуриятларини бажаришни рад этишини тақиқлаш ҳам кўзда тутилмаган.

Конституция ва қонунларда Сенат Раиси Президент мажбуриятларини бажаришни рад этган тақдирда, бу мажбуриятлар кимнинг зиммасига юклатилиши лозимлиги ҳақида нормалар кўзда тутилмаган.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига биноан Сенат Раисининг Ўзбекистон Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Бош вазир зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги таклифи қўшма мажлисда ҳар томонлама очиқ муҳокама этилиб, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар ва сенаторлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

“Юзага келган бундай вазиятда Конституциянинг 76-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг олий давлат вакиллик органи бўлган Олий Мажлис мамлакатимиз учун ҳаётий муҳим бўлган ушбу масала юзасидан қарор қабул қилишга мажбур эди”, – дея хулоса қилади Акмал Саидов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Раҳимжон Ҳакимов эса Конституциянинг 10-моддасига мурожаат қилиб, Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президент иш олиб бориши мумкинлиги, яъни, Конституция Олий Мажлисга халқ номидан иш кўришга тўла ваколат бергани ҳақидаги мулоҳазалари билан қабул қилинган қарорнинг қонунийлигини асослаб ўтган.

Унинг таъкидлашича, Конституциянинг 78-моддасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати биргаликда Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизими ва ваколатларини белгилаши, шунингдек, бошқа ваколатларни амалга ошириши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қарор қабул қилиш 78-моддада белгиланган ваколатлардан хам келиб чиқади.

Санжар Саид

Навигация