Мақола

Бизга юртдошларимиздан “патент қандай ва қачон тўланади, ўз вақтида тўламаса нима бўлади?” каби саволлар кўп келмоқда. Бугун шу масалаларга ойдинлик киритмоқчимиз.

Патентни амал қилиш муддати қандай?

Патент бир ойдан ўн икки ойгача муддатга берилади. Патентни амал қилиш муддати бир неча маротаба узайтирилиши мумкин. Шундай бўлсада, патент муддати берилган кунидан 12 ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Патент муддати у учун олдиндан амалга оширилган тўлов давригача узайтирилган хисобланади. Тўлов амалга оширилмаса, охирги амалга оширилган тўлов даври тугаган куннинг эртасидан патент муддати тугаган ҳисобланади. Патент учун тўловни қачон амалга ошириш керак? Патент учун тўловни хар ой ёки бир неча ойга олдиндан амалга ошириш мумкин. Лекин бирдан 12 ойдан ортиқ муддатга тўлаб булмайди. Сабаби патентнинг умумий муддати 12 ойдан ортик бўлиши мумкин эмас.

ДИҚҚАТ: Кўпчилик патентни қўлга олган кун санасидан келиб чиқиб тўламоқда. Бундай қилиш нотўғри. Патент тўловини унинг орқасидаги “Дата выдачи” деган жойда ёзилган санагача амалга ошириш лозим.Масалан: Патентни 12 февраль куни олгансиз. Патент орқасида эса 06 февраль кўрсатилган. Бундай ҳолда ҳар ойнинг 05-кунигача тўлаш лозим(кейингиси 05 мартгача, ундан кейингиси 05 апрелгача ва ҳоказо. Шундай қилиб ушбу ҳолатда тўлов амалга ошириш учун охирги кун кейинги даврнинг 05-куни. 06-куни тўлов қилиш нотўғри. Чунки 06-куни кейинги давр бошланган бўлади. Тўловни ўша давр бошланмасдан амалга ошириш шарт.) Яна бир тушунтирамиз, патент тўловини унинг орқасидаги “Дата выдачи” деган жойда ёзилган санагача, яъни шу кундан камида бир кун олдин амалга ошириш шарт. У ерда ёзилган кунда тўлов қилиш хам нотўғри бўлади.

Агар сиз 2015 йилда олган патентингиз ўрнига чегарага чиқмай, янги патент олган бўлсангиз, патент тўловини янги олган патентингизда ёзилган санагача амалга оширишингиз шарт. Масалан: Эски патентда ёзилган сана 06 февраль эди. Янгисида эса 18 февраль ёзилган. Бундай ҳолатда тўловни кейинги даврнинг 17-санасигача амалга ошириш зарур. Биз патент тўловини эртароқ, муддат тугашидан 3-5 кун олдин амалга оширишни маслаҳат берамиз. Шунда дам олиш ва байрам кунларига тўғри келиб, тўловни қилишда муаммолар бўлмайди.

ДИҚҚАТ: Патент тўловини бир кунга кечиктириш хам унинг муддати тугашига ва кейинчалик аннулирован бўлишига олиб келади. Муддатини ўтказиб тўлашни фойдаси йуқ. Чунки муддати тугагандан кейин уни тиклаш имконияти қонунда кўрсатилмаган.

Патент учун тўловни қаерда амалга ошириш мумкин ?

1. Миграция марказларида.

2. Ҳар қандай банк бўлимларида.

3. “Юнистрим” пул ўтказиш тизими орқали.

4. “Сбербанк.Онлайн” мобил дастури орқали банк картаси ёрдамида.

Патент вақтида тўланмади. Нима қилиш керак?

№ 115-ФЗ “Чет эл фуқароларининг РФ даги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонуннинг 5-банд, 13.3 моддасида ёзилишича, “Патент муддати у учун олдиндан амалга оширилган тўлов давригача узайтирилган хисобланади. Тўлов амалга оширилмаса, охирги амалга оширилган тўлов даври тугаган куннинг эртасидан патент муддати тугаган хисобланади”. Ўша қонуннинг 5-моддасида ёзилишича эса, “Чет эл фуқароси патенти муддати узайтирилимаган ёки унга берилган патент аннулирован бўлган тақдирда, агар ушбу фуқаронинг РФ даги вақтинча туриш муддати(регистрацияси) тугаган бўлса, у РФ ҳудудидан чиқиб кетиши шарт”. Бошқача қилиб айтганда, агар чет эл фуқароси патентини ўз вақтида тўламаган бўлса, зудлик билан Россиядан чиқиб кетиши ва қайта кириб янгитдан патент қилишга ҳужжат топшириши зарур.

Акс ҳолда, РФ да вақтинча туриш қоидаларини бузганлиги учун уни суд орқали маъмурий тарзда чиқариб юборишлари(административное выдворение) ёки унга нисбатан киришга тақиқ(запрет на въезд) қўйишлари мумкин. Патент тўлаш пайтида қандай маълумотларни киритиш керак? Биринчи тўловдан қолган чекда ёзилган маълумотларни ҳамда ИНН номерингизни киритишингиз зарур. “Адрес плательщика” қаторида сиз ишлаётган ташкилотнинг юридик адресини киритган маъқул. Ҳаттоки ушбу адрес сизнинг регистрациянгиздаги адрес билан бир хил бўлмаса ҳам. Шундай қилиш кейинчалик НДФЛ солиқни кайтариб олишга ёрдам беради.

Агар сиз фирмада эмас, жисмоний шахс(физический лицо) қўлида ишлаётган бўлсангиз, регистрациянгиздаги адресни киритиш лозим.

ИНН номерини қандай билиш мумкин?

ИНН номери патентни ўзида, паспорт номерингиз ёнида кўрсатилган бўлади. Агар сизнинг патентингизда ИНН кўрсатилмаган бўлса, регистрациянгиз манзили буйича туман солиқ инспекциясига(налоговая инспекция) мурожаат қилишингиз лозим.

ИНН беш иш кунида ва бепул берилади. Уни олишда паспорт таржимаси ва регистрация керак бўлади.

ДИҚҚАТ: ИНН номери бўлмаса, патент тўлаб бўлмайди. Шунинг учун патент тўлови муддати келмасидан ИНН бор ёки йуқлигини текшириб кўришни ва бўлмаган тақдирда, туман солиқ инспекциясига(налоговая инспекция) мурожаат қилиб, патент тўлови муддатигача ИНН ни олишни тавсия қиламиз.

Патент тўлови ҳақидаги чек йўқолса, нима қилиш мумкин?

1. Биринчи чекни миграция маркази (Единый миграционный центр) ёки ФМХ(ФМС) да тиклаш мумкин.

2. Кейинги чекларни тўлов қилинган банкда тиклаш мумкин.

3. Солиқ инспекциясида барча қилинган тўловлар ҳақида кўчирма(выписка) олиш мумкин.

Яна нималарни билиш зарур?!

– Барча чекларингизни сақлаб қўйинг ва нусха (копия) қилиб олиб қўйинг. Чунки чекдаги ёзувлар ўчиб кетиши мумкин. Чеклар сизнинг патентингиз муддати тугамаганлиги ҳамда сизни Россияда қонуний юрганлигингизни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Ундан ташқари, кейинги йилда чегарага чиқмасдан, янги патент олиш учун ҳам чеклар керак бўлади. Бирор-бир сабаб билан сизга нисбатан Россияга киришга тақиқ қўйишса ҳам, чекларни ёрдами тегади.

– Россиядан бошқа жойга бориб келмоқчи бўлсангиз ва тез кунларда қайтиб келиб ишлаш ниятингиз бўлса, четда юришни режалаштирган муддатингизга ҳам олдиндан патент тўловини қилиб қўйинг. Чунки патент муддатини тўхтатиб қўйиш имконияти йўқ. Шундай қилсангиз, қайтиб келиб патент бўйича ишлайверасиз. Акс ҳолда, янгидан патент қилишга тўғри келади.

Ботиржон Шерматов,

Юрист – консультант

 

Навигация