Мақола

Охирги икки йил муҳожирлар оқими Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йириги бўлди. Бу вазиятга бутун дунёдаги стартаплар муносабат билдирди. Улар уй-жой қидириш кампанияларини йўлга қўйдилар, дастурлаш мактаблари очдилар ва қочқинлар учун мессенжерлар яратишга тушиб кетдилар. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, кўплаб давлатларда ижтимоий инновациялар авж олди.

Қочқинлар учун ўткир муаммолардан бири арзон уй-жой етишмаслиги бўлди. Июлда Франция президенти Эммануэль Макрон бу муаммони ҳал қилишга ва одамлар кўчалар ёки ўрмонларда ётишларига йўл қўймасликка чақирди. Бунга Open Homes ташаббусини йўлга қўйган Airbnb компанияси «лаббай» деб жавоб берди. Ушбу лойиҳа уй-жой эгаларига қочқинларни жойлаштириш учун жойлар қидирувчи хайрия ташкилотлари билан боғлашда ёрдам беради.

Биринчи ҳафталарда тизимда 600 га яқин уй-жой эгалари рўйхатдан ўтишган, ярим йилдан камроқ вақт ичида эса Open Homes’нинг АҚШ, Канада, Франция, Германия, Греция, Италия ва Испанияда бўлимлари пайдо бўлди. 2025 йилгача лойиҳа 100 минг қочқинга уй-жой тақдим қилмоқчи. Шунга ўхшаш вазифаларни Refugees Welcome, Home4Refugees ва CALM ташкилотлари ҳам ўз олдига қўймоқда.

Вашингтондаги миграция сиёсати институти маълумотларига кўра, 2015 йилда миграция инқирози бошлангандан бери, ижтимоий ва технологик инновациялар авж олиши юз берди. Қочқинларга уй-жой, иш топиш ва жамиятга қўшилиб кетишда ёрдам берувчи янги лойиҳалар ва компаниялар пайдо бўлди. Баъзи стартаплар хайрия ташкилотларига иш жараёнларини автоматлаштириш учун сервислар таклиф қилмоқда. Лондонда ахборот технологиялари компанияларини бирлаштирувчи Techfugees ташкилоти шаклланди.

Кўплаб давлатлар муҳожирлар учун дастурлаш мактабларини йўлга қўйишди. Улар учун Techfugees Room7 консорциумини яратди. Унга 14 та лойиҳа қўшилган.

Хайрия ташкилотлари қочқинлар гуруҳларига уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб хабарлар юбора оладиган TextFugees мессенжери лойиҳаси йўлга қўйилди. Дастур ҳозирча синовдан ўтмоқда ва яқинда Францияда ишга туширилиши керак.

TikkTalk лойиҳаси эса хайрия ташкилотлари ходимларига турли давлатлардан келган қочқинлар билан мулоқот қилиш учун таржимонларни қидиришга ёрдам беради. Сервис ҳозирча Норвегияда ишламоқда, бироқ яқинда Италия ва Грецияда пайдо бўлади.

Ўтган йил баҳорида АҚШнинг X2AI стартапи «Карим» номли сунъий онг-чатботини ишга туширди. Бу чатбот (виртуал суҳбатдош) араб тилида қочқинларга психологик ёрдам кўрсатади.

Финляндияда муҳожирларга ёрдам беришда блокчейн қўлланмоқда. Охирги икки йил давомида Финляндия миграция хизмати банк ҳисоб-китоб рақамига эга бўлмаган қочқинларга блокчейнда сақланувчи рақамли индентификаторга боғланган Mastercard кредит карталарини тақдим қилмоқда.

Kun.uz сайтидан олинди.

Навигация