Мақола

ОА 2

Одинахон Абдураҳмонованинг асл касби ўқитувчи. Фарғона давлат университетининг математикаинформатика факультетини тамомлаган.

СанктПетербургда меҳнат қилаётган Одинахон Россияга келмасдан олдин мактабда, коллежда талабаларга дарс берарди. 2 йил муқаддам турмуш ўртоғининг ортидан келиб, шу ерда ишлай бошлади.

Одинахон сайтимиз билан танишиб чиққач, муҳожирлик ҳақидаги ўз мулоҳазаларини йўллади. Уларни ўқиб чиқиб, таъсирландим. Ва сизларга ҳам илиндим…

 

«Мигрант» сўзининг луғавий маъноси билан қизиқиб кўрганмисиз? Негадир шу сўз менга ёқмайди. Балки ўзим ҳам «мигрант» бўлганим учун шекилли… Ҳар гал шу сўзга дуч келганимда, ичимга совуқ бир нима тегиб ўтгандек бўлади. Таржимасини излагандим, «кўчиб юрувчи жонивор» деган сўз чиқди. Ҳайрон бўлдим…

Бундоқ олиб қараганда, «эмигрант» сўзи кўпроқ тўғри келар экан. Иккаласида бир оз фарқ бор.

«Ўзбекистонлик мигрантлар» деган ибора, айниқса, қўпол. Бошқа давлатга ишлаш учун кетган одамлар дунё бўйлаб топилади. Кореяда, Америка, Англияда…

ОА_n

Уларнинг ҳаммаси ИНСОН. Тирикчилик учун юртини, оиласини ташлаб чиққан.

Эртакларимизда ҳам бор бундай ҳолат. Эслаб кўринг-а, бахтини излаб сафарга чиқибди… каби сатрларни.

Сиз журналистсиз, қолаверса, шоирасиз.

Шу «мигрант» сўзини луғатингиздан ўчириб, ўрнига бошқачароғини, чиройлироқ вариантини ишлатсангиз яхши бўларди. Масалан, Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари ёки ватандошларимиз…

Аммо бериб бораётган маълумотларингиз учун рахмат.

Мен фуқароларимизнинг бунақа юришларига қаршиман.

Дадам билан ойим уй қуриш, мени боқиш, ўқитиш учун пул топаман, деб мени ташлаб кетишмаганди… Мен эса болаларимни ташлаб келдим… Нега? Нима учун? Оч қолган эдимми? У ёқда пул топа олмадимми?… Нафсим… Озига кўнмадим, кўпрок, кўпрок, яхшироқ… Нафсимнинг тилакларими шу?!

ОА

Замон шундай-да, деб қўямиз. Аслида замонни шундай қилган ўзимиз-ку. Одамлар пул деб югураяптилар, аммо маънавий бойлик кетидан қувмаяптилар. Мана, шуниси ачинарли. Уйларига пул юбораяптилар, болаларнинг қорни тўқ, усти бут, қалби-чи? Меҳри-чи?

Жуда оғир вазият.

Москвадаги юртдошларимиз ўртасида «Китоб ҳам ўқийсизми?», «Охирги марта қачон ва қайси китобни ўқигансиз?», Бўш вақтингизда нима билан шуғулланасиз?», «Интернетдан қандай мақсадда фойдаланасиз?», «Қайси интернет саҳифасига кўпроқ кирасиз?» каби саволлар билан суҳбат қилиб кўрганмисиз?

Патент масаласи қийнаяпти. Ҳар ой уч минг рублдан нақд пул тўлаймиз. Унинг ўзини олиш учун эса 22000 рубль бериш керак. Шунда ҳам одамлар ишлаб юрибди-ей! Қойил…

Қирғизлар кўпаяяпти. Улар патентсиз ишлайди-да…

Мен қайтишим керак. Шундай деб ўйлайман. Чунки у ёқда болаларим, ота-онам, ўқувчиларим қолган. Кўпроқ уларга керакман.

“Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас эмиш”, дейишади-ку…

Бу ерда одамларимизни кўриб кўп нарсани тушундим, ўргандим, ҳамон ўрганаяпман…

Одинахон Абдураҳмонова,

Санкт-Петербург.

Навигация