Мақола

Бу хабарни рус йигит ижтимоий тармоқларга жойлаган, юзлаб одамлар салбий маънодаги изоҳларни ёзиб қолдирган экан. Бошқа миллат, касб эгалари бўлса, эҳтимол, эътибор бермасдим. Аммо гап ўзбеклар, мусофирчиликдаги энг оғир ишлардан бири ҳақида бораркан, жим тура олмадим.

1456426494160131574

“Бугун мени фаррош (дворник) алдамоқчи бўлди.

Машинамни тозалаб тургандим, ёнимга кўча супурувчи келди ва ўз-ўзидан менга мурожаат қилди. “Бир кампирнинг уйини тозалагандим, мана бу тангаларни топиб олдим. Қаранг, эски танга экан, сиз бу нарсаларни биласизми?” деди у.

Кўча супурувчининг қўлида бешта “один рубль 1725” ёзуви битилган эскига жуда ўхшаш тангалар турарди. Қизиғи, тангалар яп-янги, хатто  ёнидаги “сер” ёзуви ва йили, қадоқ рақами аниқ кўриниб турарди.

Интернетда эски тангаларнинг нархи донасига 20 000 – 50 000 рубль туради, бу йигит эса менга 1500 – 2000 рублга сотишини  айтди.

Мен уларни телефонимга суратга олиб тегишли жойга хабар беришимни айтгандим, йигитча қочиб қолди. У ёлғиз эмас экан, яқинимиздаги уйнинг бурчагида кузатиб турган сохта тангафурушлар ҳам унинг ортидан чопди.

Огоҳ бўлинглар, бундай вазиятларда алданиб қолманглар! Эски танга нусхаларининг нархи 50 тийин атрофида”.

 

Кўча супурувчиларнинг чиқинди-аҳлатларни титиб, эски-туски нарсаларни олиб ишлатишлари, кийимларни кийишларидан, уйлардан чиқариб ташланган буюмларнинг яроқлиларини сотишлари ёки Ўзбекистонга, уйларига юборишларидан хабарим бор. Майли, буларни “тирикчиликнинг айби йўқ”қа йўяйлик. Аммо сохта тангаларни ўз нархидан 100 баробар қимматига, яна кўхна танга дея одамларни алдаб сотиш фирибгарликнинг бир тури ҳисобланади.

Пул топиш учун чиқиндига чиқарилган буюмларни сотиш жиноятмас, лекин фирибгарлик жиноят. Пул деб бегона юртларда ўзингизни пастга ураётганингиз майлию,  бу каби фирибгарликлар оқибатида қамалиб хор бўлиб кетишдан ўзингизни тийганингиз маъқул.

Ҳалол пул топишни ўзингизга муносиб кўрсангиз,  ота-онангиз, яқинларингиз, қолаверса, юртдошларингизни юзини ерга қаратмаган бўлардингиз. Ҳар ҳолда, бу ерда ёлғиз эмассиз…

Навигация