Мақола

Ўзбекистон Президенти имзолаган фармонга кўра, 2018 йил 1 январь кунидан бошлаб жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 2 000 (икки минг) АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетишда ёзма равишда мажбурий декларация тақдим этиш тартиби бекор қилинди.

Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетиши эквивалентда 5 000 (беш минг) АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасида ҳеч қандай рухсатномаларсиз амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Рухсат этилган суммадан ошиқ маблағни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш учун Марказий Банк рухсатномаси талаб этилади.

Белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиб кетиш:

резидентлар томонидан – Ўзбекистон Марказий банкининг рухсатномаси асосида;

норезидентлар томонидан – Ўзбекистонга кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади, декларацияда нақд хорижий валюта суммаси олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий валюта суммасидан кам бўлмаган миқдорда кўрсатилади.

Норезидентлар – республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валюта олиб чиқиб кетилаётганда нақд хорижий валюта олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат улар томонидан ушбу нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос бўлади. ​

Навигация