Мақола

8 январдан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК қатновларига «Жойни танлаш» интерфаол хизматини жорий этишга киришди. Бу ҳақда МАК Матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки босқичда хизматлар яқин хориж мамлакатларига Airbus A-320 ҳаво кемаларида бажариладиган қатновлар учун кўрсатилади. Кейинчалик ушбу турдаги хизматларни барча йўналишларда жорий этиш мўлжалланган.

Маълум қилинишича, «Жойни танлаш» хизмати бепул ёки пулли кўринишда тақдим этилиши назарда тутилган. Масалан, борт ойнаси олдидаги ёки ўтиш жойидаги ўриндиқ учун Ўзбекистон ҳудудида 25000 сўм (чет элда эса 5 евро) миқдорида тўловни амалга ошириш талаб этилади. Эконом класснинг олд қаторидан жой танлаш учун эса 100 минг сўм тўлаш талаб қилинади.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг маълум қилишича, йўловчилар парвозгача 45 кун қолгандан бошлаб, жойларни аввалдан банд қилиш хизматидан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, муайян парвозга 24 соат қолганда хизматдан фойдаланиш тўхтатилади, дея хабар қилди Kun.uz.

Навигация