Мақола

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати еттинчи ялпи йиғилишда Конституция қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев тақдимномасига мувофиқ амнистия тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Сенат қарорига мувофиқ, қуйидаги маҳкумлар:

а) аёллар;

б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;

в) 60 ёшдан ошган эркаклар;

г) чет давлатлар фуқаролари;

д) Амнистия тўғрисидаги Қарор кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда I ёки II гуруҳ ногиронлари, шунингдек сил касаллигининг фаол шаклига чалинган (диспансер ҳисобида 1 ва 2 гуруҳ) деб эътироф этилган шахслар жазодан озод қилинади.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган, шунингдек ўта оғир жиноятни содир этган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

  1. Эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинади.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

  1. Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати уч йилдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар жазодан озод қилинади.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида, 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

  1. Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинади.
  2. Мазкур Қарорнинг 1-бандида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилади.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган, шунингдек ўта оғир жиноятни содир этган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

  1. Ушбу Қарор асосида озод қилинмайдиган шахсларнинг:

а) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати – учдан бир қисмига;

б) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилсин.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

  1. Ушбу Қарорнинг амал қилиши – узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган; афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
  2. Ушбу Қарорга мувофиқ асосий жазодан озод этилган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қўмита ва комиссияларига ушбу Қарорнинг қўлланилиши тартиб-таомилларининг очиқ-ошкора амалга оширилишини таъминлаш устидан бевосита сенаторлар, депутатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари иштирокида таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш вазифаси топширилди. Ушбу Қарор амалга оширилиши учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилди.

Навигация