Мақола

Ўзбекистон Россия Федерациясидан депортация қилинган ва “қора рўйхат”га киритилган 400 минг нафар Ўзбекистон фуқаросини рўйхатдан чиқариш бўйича ишларни амалга оширмоқчи. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи вазифасини бажарувчи Хўжабаҳлил Асамов маълум қилди.

“Ҳозирда Агентлик россиялик ҳамкорлар билан меҳнат мигрантларини ушбу “қора рўйхат”дан чиқариш ва РФга киришга тақиқ муддатларини қисқартириш устида иш олиб бормоқда”, – деди Асамов.

Унинг фикрича, мигрантлар асосан ҳуқуқий саводсизлик, яъни мамлакатнинг у ёки бу қонунчилигини билмаслиги оқибатида депортация қилинган.

Агентлик раҳбари айни пайтда Россиянинг йирик иш берувчилари билан мослаштириш марказлари, ишчиларни Россияга боришдан аввал тайёрлаш ва ўқитиш марказларини очиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Х.Асамов берган маълумотларга қараганда, бугунги кунда Россияда бир ярим миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари фаолият кўрсатиб, уларнинг 60 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади.

Навигация