Мақола

Москва округ ҳарбий суди террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этганликда айбланган ўрта осиёлик 12 кишидан бирини ўн йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда суд матбуот котиби Ирина Жирнова ТАСС’га хабар берган, дея маълум қилди Kun.uz.

«Ҳарбий суд Жообардек Токтомуратовни Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-5-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топди ҳамда уни ўн йилга озодликдан маҳрум қилди», – дея айтиб ўтди суд вакиласи. Унинг қўшимча қилишича, жиноий иш бир суд йиғилиши давомида, алоҳида тартибда кўриб чиқилган.

Ўз навбатида, ҳимоячи Дагир Хасавовнинг ТАССга хабар беришича, ҳукмдан ҳам айбланувчи, ҳам ҳимоя томони норози бўлган. «Токтомуратов ўз кўрсатмаларини ишни алоҳида тартибда кўриб чиқишлари ва нисбатан енгилроқ жазо берилишига эришиш мақсадида берганди, бироқ суд уни 10 йилга озодликдан маҳрум этди», – дея таъкидлаб ўтди Хасавов. «Россия Федерацияси Олий судининг ҳарбий хизматчилар ишлари бўйича суд коллегияси 14 декабрь куни бу ҳукмни қайта кўриб чиқади», – дея хулоса қилди адвокат.

Токтомуратовдан ташқари жиноий ишда яна 11 киши бор. Уларни ҳибсда сақлаш муддати 6 декабрга қадар белгиланган.

2016 йилнинг 7 декабрь куни Москванинг Мешчанск суди терговчи илтимосига мувофиқ 12 кишини Россияда тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” террорчилик ташкилотида иштирок этганликда айблаб ҳибсга олди. Москва полицияси бош бошқармаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, қўлга олинганлар террорчилик ташкилотининг раҳбарлари ва фаол аъзолари бўлган. Дастлабки маълумотга қараганда, айбланувчилар 2016 йилнинг октябрь-ноябрида фуқароларни Россия ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотга жалб этиш бўйича ташвиқот машғулотларини ташкиллаштирганлар. Қўлга олинган шахсларнинг яшаш жойлари тинтув қилинди, у ердан экстремистик адабиётлар ва материаллар топилди.

Иш материалларига кўра, айбланувчилар “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилоти фаолиятида иштирок этишганини рад қилишмаган, бироқ уни террорчилик деб ҳисобламайдилар.

Навигация