Мақола

31 июлдан 6 августгача Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги делегацияси Россиянинг Новосибирск, Иркутск ва Олтой ўлкаларида сафарда бўлиб турибди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати хабар қилди.

2017 йил 31 июлда Новосибирскдаги “Ўзбекистонликлар ҳамжамияти” ўқув муассасаси биносида Ўзбекистон делегацияси “Меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг асосий йўналишлари ҳақида” мавзуидаги презентацияни намойиш этди. Тадбирда Новосибирск вилоятининг етакчи компаниялари вакиллари, шунингдек, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи йирик иш берувчилар ҳамда кадрлар агентликлари ва суғурта компаниялари раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон делегацияси томонидан ишга жойлаштириш имкониятлари ва шартлари ҳақида, Ўзбекистон фуқароларининг норасмий меҳнат миграцияси профилактикаси ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, шунингдек, ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги Битимни ҳаётга татбиқ этиш жараёни ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.

2017 йил 1 августда Ўзбекистон делегацияси ва Новосибирск вилояти меҳнат, бандлик ва меҳнат ресурслари вазири ўринбосари Н.А. Цветкова ўртасида учрашув ташкил этилди. Учрашувда ИИББ, ТИВ вакиллари, шунингдек, Новосибирск вилояти губернатори маъмурияти ходимлари иштирок этди. Делегация меҳнат миграцияси соҳасида Россия Федерацияси билан ҳамкорликнинг замонавий ҳолати, шунингдек, Агентликнинг вазифа ва функциялари ҳақида сўз юритди.

Россия ИИВнинг Новосибирск вилояти бўйича Бош Бошқармаси маълумотларига кўра, 2016 йилда мазкур вилоят ҳудудида 20 000 нафар Ўзбекистон фуқароси патент олган бўлса, 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида яна 12 000 минг нафар Ўзбекистон фуқароси патентга эга бўлган.

Россия томони Ўзбекистоннинг Бош Консуллиги ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан ташкилий меҳнат миграцияси ва ноқонуний миграцияга қарши кураш йўналиши бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.

Шу куннинг ўзидаёқ, делегация “НОРДМОЛ” улгуржи-чакана маркази (УЧМ) раҳбарияти, яъни Марказ бошқарув директори М.Н.Шабашов билан учрашди. “НОРДМОЛ” УЧМ ўз ичига 25 та футбол майдони ҳудуди ҳажмида 5000та савдо шохобчасини қамраб олади. Меҳнат мигрантлари учун эса шинам ва қулай муҳитда ҳаёт кечиришлари учун барча шароитлар яратилган.

Учрашув натижаларига кўра, томонлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ташкилий меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини изҳор қилдилар.

Навигация