Мақола

согинчФотиҳ Султон,

Россия, Красноярск.

Сардор Рахимхон ижоди мухлиси бўлмаганман. Ҳеч бир қўшиғидан роҳатланмаганман.

Аммо кеча бир қадрдоним Сардор Раҳимхоннинг «Омон-Омон» қўшиғи ҳақида гапириб қолди. Беҳад ҳурмат қилганим учун сўзини ерда қолдирмай, «Ютуб»дан қидириб кўрдим.

Ё мен бу йигитни ижодини назаримга илмай хато қилганман, ё Сардор Раҳимхоннинг тажрибаси ошиб, малакаси ўсган.

Қўшиқ ҳам, ижро ҳам, матн ҳам жуда ёқди… (Оддийгина, соддагина, лекин нимадир бор… Менга яқин…(клипига эътибор қаратмадим, чунки қўшиқларни бошқаларнинг видеоталқинида эшитишни суявермайман).

МУСОФИР ЮРАГИДАГИ ХАНЖАР

Мусофирликда юрган одам учун жисмоний азоб ва машаққат ҳеч нарсамас. Аслида, энг қийини СОҒИНЧ. Юракка ханжардек санчилиб турадигани хам СОҒИНЧ.

Бегона юртларда Соғинч билан шартнома тузасизу, уни юракни туб-тубига яширишга уринасиз.

Соғинч ноласини эшитмаслик учун қулоқларни беркитасиз.
Соғинчнинг фарёдини ўчириш учун баъзида ичиб ҳам қўясиз…

Аламни тамакидан оласиз… Тунлари безовта ва совуқ терга бурканиб, сесканиб туриб ҳам кетасиз.. Ва шу билан тонггача уйқу йўқ…

Соғинасиз… Ҳаммани, хатто, душманларингизни ҳам соғинасиз…

Ҳаммани кечирасиз… Хатто, сизга тош отганларниям кечирасиз…

Шу заҳоти уйга кетворишни истайсиз… Ишингиз яхши, ёмон, даромадингиз зўр, ҳаминқадар-аҳамиятсиз… Ватанга қайтгингиз келади.. Келаверади…  Лекин кетмайсиз…

ЯПОН ОНАСИ ОШИННИНГ ҲАҚИҚАТИ

Ўзбек телевидениеси намойиш этган «Ошин» сериалида бир лавҳа бор.

Бошқа шаҳардан омадини излаб, сафарга отланган ўғлини кузатаётган Она, яъни Ошин шундай деганди (мазмунини келтиряпман):

-Ўғлим, мусофирликнинг қийинчилиги кўп бўлади. Касал бўласан, ишинг юришмайди, алданасан, йиқиласан.

МАШАҚҚАТЛАРДАН ҚЎРҚИБ ВА УЛАРГА ТАСЛИМ БЎЛИБ, ДАРРОВДА УЙГА ЮГУРИБ КЕЛИБ ОЛМАГИН. ЧИДА ВА МАШАҚҚАТЛАРНИ ЕНГ!

КЕТОЛМАЙСИЗ…

Ана шу Орият, ана шу Ғурур, Яқинлар олдидаги масъулият кетгани қўймайди.

Кўз олдингиздан ҳар сония ўтадиган ташвишлар – уйланмаган ўғилнинг тўйи, чиқарилмаган қизнинг сепи, мактабга олинадиган дафтардан тортиб қаламгача, пойдеворигина қуйилган уйингиз
мусофирлик йилларини чўзаверади… Кетолмайсиз…

МУҲИМИ – ОМОНЛИК

Эрталаб соат 5 да иш жойида бўласиз… Оқшом соат 21 ларда «резина квартирага» қайтасиз…

Ватсап, Вайбер, Имо, Телеграм ёки Скайп орқали уйдагилар билан бир икки оғиз гаплашасиз… Виртуал бўлсада, дийдорларига тўясиз…

Ҳечдан кўра, шуям яхши, дейсиз!

Авваллари бир оғиз сўзни айтиш учун почта бўлимларига бориб, соатлаб навбат кутилган даврлар ўтиб кетганига шукр қиласиз…

Кейин наушникни қулоққа санчасизда (хонадошларга халал бермаслик учун) Сардор Раҳимхоннинг «Омон-омон»ини қўясиз.

Бугун хода (ғишт, бетон парчаси) тушиб кетган ва азоб бераётган оёғингизни уқалай-уқалай, қўшиқдан таъсирланиб, кўзларингиз намланиб, ухлаб қоласиз.

Бугун юк вагонини бўшатгансиз, камида иккита фурага товар ҳам юклаб, ҳаммоллик қилгансиз. Ловиллаб ёнаётган ва териси шилиниб, яллиғланиб қолган елкангизни, тошдек қотиб қолган белингизни силай-силай уйқуга кетасиз.

ҲАММАСИ ЎЗГАРАДИ…

Эртага яна ҳаммаси бошидан бошланади… Иш жойи ўзгаради, бошлиқлар алмашади..

Бугун рус, эртага армани, индинга тожик, қирғиз, ўзбек, озар қўлида ишлайсиз…

Кўчада ҳадиксираб юрасиз (полиция ушлаб олса, бугунги даромадингизни тўласича беришга тўғри келади, ҳужжатим жойида деёлмайсиз; чунки прописка жойида яшамайсиз)…

Ҳаммаси ўзгаради… Ҳаммаси… Соғинчдан бошқа…
Ҳаммасига чидайсиз… Соғинчдан бошқа…

Ҳаммаси ўзгаради..

Сиз ютиб чиқасиз… Чунки сизга куч берадиган, сизни яшашга ундайдиган, шоқоллар ва бўрилар тўдаси орасидан ҳам омон чиқишга ундайдиган СОҒИНЧ бор..

Сизни кутаётганлар бор… Сизни севганлар бор…
Сизни соғинганлар бор…

Биламан, сиз хамма машаққатларни енгиб ўта оладиган даражада кучлисиз… Чунки Соғинишни биласиз…

Соғинчни ва соғинганларини унутмаган Инсон учун иложсиз нарсанинг ўзи йўқ.

Фақат Яқинларингизга Соғинганингизни айтиб туринг, илтимос.

Уялманг, сиримни бериб қўяман, деманг, соғиндим, деб айтинг..
Кутиш осон эмас..

Р.S. Қўшиқ учун ҳам… Ижро учун ҳам раҳмат…

Шу қўшиқни тавсия қилган қадрдонимнинг ҳам жонлари омон бўлсин!

Навигация