Мақола

Россияда таксичи, автобус ва юк машиналари ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган мигрантлар миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси асосида ишлаш тақиқланиши ҳақидаги хабарларга ўз муносабатларини билдиришди.

Россия тез орада миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси асосида ишлаётган мигрантларга нисбатан қоидаларни қатъийлаштирмоқчи. Sputnik Ўзбекистон мухбири бу ҳақда ўзбек мигрантлари қандай фикрда эканлиги билан қизиқди.

Тақиқ ҳақида

image64829878Дастлаб шу йилнинг 1 июлидан мигрантларга миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси асосида ҳайдовчилик қилишни тўлиқ тақиқлаш режалаштирилганди. Аммо яқинда давлат думаси ушбу тақиқни бир йилга ортга суриш ҳақида янги қонун лойиҳасини тайёрлаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Бунинг сабаби нимада эканлиги РФнинг ички иши, лекин Россияда ишлаётган ўзбеклар ҳозирча бундан қувонишга шошилишмаяпти.

Сабаби оддий — Қозон, Новосибирск, Краснодар, Самара ва Москвада маршрут ва оддий такси ҳамда турли транспорт компанияларида ҳайдовчилик билан шуғулланаётган ўзбекистонликлар бу жараён беш йил олдин бошлангани ва у ҳайдовчиларнинг малакасизлиги эмас, балки мигрантларга нисбатан салбий муносабат натижаси эканлигини таъкидлашди.

«Бу ҳолатни мигрантларни транспорт соҳасидан аста-секинлик билан сиқиб чиқариш дейиш мумкин. Ҳозирча бунга фақатгина компаниялар хўжайинлари қаршилик қилишмоқда, чунки уларга мигрантларни ишга олиш фойдалироқ. Улар россияликлардан фарқли равишда иш шароитлари борасида талабчан эмас. Масалан, мен ва шеригим суткалаб таксичилик қилганмиз, бу ерда оиламиз йўқ, шу ишимиздан бошқа шуғулланадиган нарсамиз йўқ. Россияликларнинг эса оилалари бор. Бунинг устига, иш берувчи маҳаллий аҳолига нисбатан мигрантга кўпроқ босим ўтказа олади, чунки биз ҳуқуқий жиҳатдан заиф ҳимояланганмиз», — дейди Россиянинг бир неча шаҳарларида ҳайдовчилик қилган Алишер.

Унинг айтишича, бу тақиқда мигрантларни доимий равишда иркит ва саводсиз деб кўрсатган Россия ОАВларининг таъсири катта.

«Ҳозирда қатор ОАВ фаол ёзаётган Марказий Осиё фуқароларидан иборат жиноий гуруҳлар ҳақидаги барча сериаллар уйдирма», — дея суҳбатга қўшилади Воҳид.

«Тўғри, мигрантлар орасида ҳар хил одамлар бор. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам. Лекин афсуски, Россиядаги шаҳарликлар учун биз ҳаммамиз худди бирор нарсани ўғирлаб кетишни мўлжаллаб юрган жиноятчидек кўринамиз. Энди эса охирги вақтда содир бўлган терактлардан сўнг ҳаммамизни террорчи деб эълон қилишди. Россияликларга уларни маршруткада манзилларига элтиб қўйишимиз, юкларини ташишимиз ёқмайди, ўзлари эса бу ишда ишлашмайди, улар учун бу оғир ва маоши кам иш ҳисобланади», — дейди у.

Новосибирскда ишлайдиган Жавлоннинг айтишича, аксарият россияликлар учун ҳар қандай мигрант қандайдир маънода айбдор. «Бир воқеа бўлганди, маршрут ҳайдовчиси йўловчига қўпол муомала қилди. Эртасига «келгинди»ни ургани бир тўп бўлиб келишди, кейин маълум бўлишича, у шу ерлик киши экан. Мигрантлар учун асосий муаммо тил масаласи, маданиятга келадиган бўлсак, Ўзбекистонда иззат-ҳурмат, айниқса катталарга ҳурмат қатъий қоидага айланган», — дейди у.

Ўзгача фикр

Барча мигрантларнинг фикри бир жойдан чиқмагани ҳам бор гап. Бу тақиқни қўллаб-қувватлайдиганлар ҳам топилади. Уларнинг фикрича, транспорт тизимида ишлаётган мигрантларнинг кўпчилиги ўзларини худди уйларидагидек тутишади, яъни қоидаларга амал қилишмайди.

«Тўғрисини айтсам, Ўзбекистонда қоидалар Россиядагичалик қатъий эмас. Йўл ҳаракати қоидалари мавжуд, жарималар ҳам юқори. Аммо бизда қаердадир қоидани бузиш мумкин, қаердадир амал қилиш керак деган фикр шаклланган. Гаичилар ҳамма жойни назорат қила олишмайди-да. Бизда масалан, йўлнинг ўртасида ҳам машинани буриб кетишаверади. Россияда эса бу борада талаб қатъий», — дейди Хуршид.

i (5)Унинг айтишича, у Россия шаҳарларида йўл ҳаракати қоидаларини бузган, авария ҳолатини содир этган кўплаб мигрантларга дуч келган.

«Шундай ҳайдовчилардан воз кечиш керак, уларни деб барча мигрантлар ёмонотлиққа чиқади. Шунингдек, дуч келган кишини синовларсиз ишга олаверадиган компаниялар эгаларида ҳам айб бор. Улар учун асосийси мигрант бу пулни тежаш, кейин нима бўлиши уларни қизиқтирмайди», — дейди у.
Амалда

Норозилик ва турли фикрларга қарамасдан, аксарият мигрантлар Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топширишга тайёрликларини билдиришди. Уларнинг фикрича, буни пул эвазига қилиш мумкин, бу ҳақда транспорт компанияларининг эгалари айтишибди.

Яна бир муҳим жиҳат эса агар давлат думаси тақиқни бир йилга кечиктирса, бу ўзбекистонликлар учун ижобий роль ўйнайди. Чунки мамлакатда 2017 йилнинг 1 октябридан янги ҳайдовчилик гувоҳномалари берила бошланади. Ўзбекистонликлар аввал янги гувоҳномани оладилар, сўнгра РФ гувоҳномаси учун имтиҳон топширадилар.

Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматининг Sputnik мухбирига маълум қилишича, янги гувоҳномаларни халқаро деб аташ нотўғри.

«Бу аввало миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиб, барча халқаро қоидаларга жавоб беради. Шунинг учун ушбу гувоҳнома эгаси дунёнинг деярли исталган мамлакатида машина миниши мумкин. Илгариги гувоҳнома халқаро қоидаларнинг барча талабларига жавоб бермагани боис янги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилмоқда. Янги гувоҳномани олишда муаммо бўлмайди, уни бир соат ичида олиш мумкин бўлади», — деди ЙҲХБ матбуот хизмати.

Хуллас, мазкур тақиқ ҳақида нафақат россияликлар, балки мигрантларнинг ўзлари ҳам турли фикрда. Ўзбекистонликлар Россия ҳукуматининг бу ташаббусига ҳозирча эҳтиёткорона ёндашмоқдалар. Улар кутишни маъқул кўришмоқда.

Манба: sputniknews-uz.com

 

Навигация