Мақола

Россияда мигрантларга бўлган муносабат ўтган йилларга нисбатан яхшиланган. “Левада-центр” тадқиқотлари натижаларини таҳлил қилган “Известия” шундай хулосага келди.

Жорий йил июль ойида Россияда этнофобия даражаси кузатувлар олиб борилаётган 2004 йилдан буён энг паст натижани қайд этган.

Ҳеч бўлмаса битта миллат вакилларининг мамлакатда яшашини чеклаш керак, деган россияликлар улуши илк бор 60 фоиздан пастлаб, 54 фоизни ташкил этган. 2016 йилда бу кўрсаткич 70 фоиз, 2013 йилда 80 фоиздан зиёдроқ бўлган.

Агарда 2013 йилда 45 фоиз респондентлар ўрта осиёликларнинг Россияда яшашини чеклаш керак, деган бўлса, 2017 йилда сўровномада қатнашганларнинг 22 фоизи шундай деб ҳисоблаган.

Бир вақтнинг ўзида ҳеч қайси миллат вакилларига яшаш учун чеклов қўйилмаслиги керак, деб ҳисобловчилар улуши 2013 йилдаги 11 фоиздан 28 фоизгача ошган. Бироқ кўпчилик россияликлар (58 фоиз) барибир мамлакатга мигрантлар оқимини чеклаш керак, деган фикрни тасдиқлаган. Бироқ бу ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан 10 фоизга камайган, деб ёзмоқда “Известия”.

Экспертлар бундай тенденция мигрантлар ўртасидаги жиноятчилик даражасининг пастлашуви, давлат томонидан миллий сиёсат муваффақиятлари ва бошқа омиллар билан боғламоқда.

Манба: портал 5-tv.ru

Навигация