Мақола

Маълумки, 2017 йилнинг 1 июнидан 2013 йил 7 майда қабул қилинган №92 ФЗ Федерал қонун кучга кирди. Унга кўра, Россия ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган чет эл фуқаролари РФ ҳудудида тижорий транспортлар, юк ташиш машиналари, автобус ва таксиларни бошқариши, иш берувчилар эса хориж ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган ҳайдовчиларни ишга олиши тақиқланди. Ушбу тақиқ биринчи ўринда такси ва шаҳар жамоат транспортлари ҳайдовчиларига тегишли.

Эндиликда, транспорт воситасини бошқариш билан бевосита боғлиқ меҳнат фаолияти билан шуғулланишни истасангиз, Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олишингиз шарт. Ҳаттоки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳам ёрдам бермайди.

Хориж ҳайдовчилик гувоҳномаларидан кимлар фойдаланиши мумкин?

– шахсий мақсадларда автомобиль ҳайдаётган ва транспорт воситасидан фойдаланиш билан боғлиқ меҳнат фаолияти ёки тадбиркорлик билан шуғулланмаётган чет эл фуқаролари;

– Россия ҳудуди орқали транзит билан ўтаётган ҳайдовчилар.

Россия ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаганда қандай жавобгарлик белгиланган?

Қонунга кўра, Россия ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳайдовчига автомобилдан фойдаланишга рухсат бергани учун асосий жавобгарлик иш берувчига юкланади. Оддий қилиб айтганда, маъмурий жарима транспорт воситанинг техник ҳолати ва эксплуатациясига жавоб берувчи мансабдор шахсга юклатилади.

Мансабдор шахс учун маъмурий жарима миқдори — 50000 рубль.

Бироқ чет эл фуқароси ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобилдан фойдалангани учун маъмурий жарима тўлайди. Унинг миқдори — 5000 дан 15000 рублгача.

Хориж ҳайдовчилик гувоҳномаларини Россия гувоҳномаларига алмаштириш тартиби қандай?

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини Россияникига алмаштириш учун:

А) ўз ҳудудидаги ГИБДД имтиҳон бўлимига мурожаат қилиш ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш керак:

  • компьютер ёки қўлда ёзилган ариза;
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки бошқа) ва унинг нусхаси;
  • тиббий комиссиядан ўтганлигини тасдиқловчи 083/У-89 тиббий маълумотнома ва унинг нусхаси;
  • хориж ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг нусхаси.

Муҳим: Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 1968 йилги Вена конвенцияси талабларига тўғри келиши керак. Яъни, уч тилда ва амал қилиш муддати кўрсатилган бўлиши лозим. Чексиз амал қилиши муддати бўлган гувоҳномалар қабул қилинмайди. Ундаги барча маълумотлар лотин алифбосига ўгирилган бўлиши керак. Келтириб ўтилган шартлар бажарилмаган бўлса, чет эл фуқаросида ҳайдовчилик гувоҳномасидан ташқари нотариал тасдиқланган русча таржимаси ҳам бўлиши шарт;

  • РФ ҳудудида рўйхатга олинганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг нусхаси.

Б) 2000 рубль миқдорида давлат божини тўлаш талаб қилинади. Агар ариза «Давлат хизматлари» портали орқали юборилган бўлса, давлат божи камроқ бўлади ва бунда 1400 рубль тўлаш талаб этилади.

  1. C) Битта назарий ва иккита амалий имтиҳондан ўтиш зарур: автодромда ва шаҳар ҳаракати шароитида.

Тақдим этилган қоғозларни кўриб чиқиш якунлари бўйича ГИБДД органи гувоҳнома алмаштилиши ҳақидаги қарорни қабул қилади. Шу билан биргаликда, чет эл фуқаросига ўзининг миллий гувоҳномаси қайтариб берилади.

Қайси бири тезроқ: гувоҳномани алмаштиришми ёки автомактабда ўқиш?

Ҳайдовчилик гувоҳномаларини Россияникига алмаштиришни истаган ҳайдовчилар ГИБДД томонидан хорижий давлат тегишли идорасига фуқаро қачон ва қандай тоифали гувоҳнома олгани тўғрисида расмий сўров юбориб, у ердан жавоб келгунига қадар кутишлари керак бўлади. Жавобни олиш икки-уч ойга чўзилиши мумкин. Умуман келмаслиги ҳам мумкин. Қонунда белгиланишича, жавоб келмаган тақдирда, фуқарони имтиҳонга қўйиш масаласини ҳудудий автоинстекция бўлимлари ҳал қилишади. Текширувдан кейин йўл ҳаракати қоидалари бўйича билимларни синаш учун назарий имтиҳон санаси белгиланади. Агар фуқаро имтиҳондан ўтса, аввал майдончада, сўнгра шаҳар кўчаларида амалий имтиҳон топширади. Имтиҳондан ўтолмаган тақдирда, кейинги синов бир ойдан сўнг бўлади. Қайд этиш жоизки, амалий имтиҳон назарий имтиҳон топширилган кундан бошлаб уч ойдан кеч бўлмаган муддатда топширилиши шарт.

Хориж гувоҳномасини текшириш ва имтиҳон топшириш вақтлари ҳисобга олинса, чет эл фуқароси учун автомактабда ўқиш ва янги гувоҳнома олиш тезроқ бўлади. Биз сўроқ қилган ҳайдовчиларнинг таъкидлашларича, миллий гувоҳномаларни Россияникига алмаштириш 5 ойдан кам бўлмаган муддатга чўзилган. Шунинг учун ўқувчиларимизга автомактабда ўқиш ва янги гувоҳнома олишни тавсия қиламиз. Бу анча осон ва тез бўлади.

 

 

Изоҳ қолдиринг

Навигация