Мақола

ностр

Албатта. Нафақат Россияда, балки дунёнинг исталган давлатида олинган олий маълумот тўғрисидаги хужжатлар Ўзбекистонда амал қилади.

Аммо хорижий давлатларда олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни легаллаштириш ҳамда Ўзбекистондан ташқарида таълим олган мутахассисларни ишга жойлаштириш борасида юртдошларимизда турли саволлар туғилмоқда.

Шу боис, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги хужжатларнинг Ўзбекистонда тан олиниши борасида тўлиқ маълумот берилмоқда.

Ностри­фикация (нем. nostrifi­ka­tion, лотинча noster — бизники, лотинча facere — қилмоқ) деганда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучга эга эканига розилик бериш тушунилади.

Хорижий давлатларда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва эквивалентлигини қайд қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон Қарори билан тасдиқланган «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги Низом» билан тартибга солинади.

 Хўш, Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалентлигини қайд этиш қандай мақсадларда ўтказилади?

Диплом соҳиби расман Ўзбекистон Республикасида тегишли таълимга эга бўлмаса, бундай ҳолатда хорижда олинган таълим даражасини тасдиқлатиш учун уни тан олиш (нострификация) тартиб-қоидаларидан ўтказиши зарур.

Xорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) деганда ваколатли давлат органлари томонидан ушбу ҳужжатлар эгалари тайёргарлиги даражаси мувофиқлигини белгилаш ва уларга Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига эга бўлган шахсларга берилгани каби академик ва (ёки) касбий ҳуқуқлар берилиши тушунилади.

Хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалент­лигини қайд этиш тартиб-қоидаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро келишувлари ва тавсиялари, давлат таълим стандартлари, узлуксиз таълим тизимининг меъёрий ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

 Шу аснода савол туғилади: хорижда таълим олган ёшларнинг дипломини Ўзбекистоннинг қайси давлат идоралари нострификациядан ўтказади ва бунинг учун қандай ҳужжатлар зарур?

Xорижий давлатларда ўрта махсус ва олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) ҳамда тегишли гувоҳнома бериш бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази таркибидаги Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Таълим тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш учун:

— таълим тўғрисидаги ҳужжатни берган таълим муассасаси ўзи жойлашган давлатнинг ваколатли органлари томонидан тан олинган бўлиши;

— таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда тан олинган бўлиши;

— таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олиниши Ўзбек­ис­тон Республикаси билан давлатлараро битимларда кўзда тутилган (кооперация усули ёки мақсадли ўқитиш йўли билан олинган таълим бундан мустасно) бўлиши зарур.

Нострификациялаш учун ҳужжатнинг эгаси Бошқармага юқорида келтирилган Низомга мувофиқ ариза ва зарур бўлган материалларни тақдим этади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва уларнинг эквивалентлигини қайд этиш ҳақидаги аризага қуйидаги материаллар илова қилинади:

— маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасини асл нусхаси (ўтилган ўқув курс­лари ва уларнинг ҳажми, якуний баҳолар, амалиёт, курс ва битирув малака ишлари рўйхати, ўқув жараёнининг бош­қа бажарилган талаблари кўрсатилиши лозим);

— маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси.

Ариза Бошқарма томонидан Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда тегишли таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бош­қа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ташкил қилинадиган Эксперт комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Ушбу комиссиялар таркибига етук олимлар ва мутахассислар киради. Комиссия фаолиятини мувофиқлаштириш Бошқарма томонидан амалга оширилади.

Бошқарма эксперт комиссиясининг хулосаси ва таклифини кўриб чиқиб, таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалентлиги ёки уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг эквивалент эканлигини қайд этилганлиги ҳақидаги қарор ҳужжатнинг эгасига махсус гувоҳнома бериш тўғрисида тегишли буйруқ чиқаришга асос бўлиб хизмат қилади. Маълумот тўғрисидаги ҳужжат гувоҳнома билан биргаликда тақдим этилганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлади.

 Хорижий давлатга тегишли нодавлат олий ўқув юртининг таълим тўғрисидаги дипломи нострификацияланиши тўғрисида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қил­иш бўйича Давлат комиссиясининг 2002 йил 16 июлдаги 3-сон баённомаси қарорида «Нодавлат мақомидаги олий ўқув юртлари томонидан берилган дипломларни қайси давлатга қарашлилигидан қатъи назар, нострификация қилиш таъқиқлансин» деб кўрсатилган.

Шу сабабли, нодавлат таълим муассасалари томонидан берилган дипломлар Ўзбекис­тон Республикасида тан олинмайди ва нострификация қилинмайди. Нострификация қилинмаган таълим тўғрисидаги ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик кучга эга бўлмайди ҳамда мазкур ҳужжат эгасининг ишга қабул қилиниши иш берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддаси 1-қисми, 5-хатбошисида келтирилган талаблар бажарилмаганлиги сабабли ноқонуний ҳисобланади.

 Хорижий давлатнинг олий маълумот тўғрисидаги дипломини нострификация қилмасдан туриб, хусусий секторда (устав капиталида давлат улушига эга бўлмаган корхона) ишга жойлашиш қонуний ҳисобланадими?

Таъкидлаш керакки, хорижий давлатнинг таълим тўғрисидаги дипломи Ўзбекистон Республикасида давлат намунасидаги ҳужжат ҳисобланмайди.

Демак, хорижий диплом эгаси учун нострификация тартиб-қоидаларидан ўтиш мумкин, нострификациясиз ишга жойлашиш эса маълумоти ваколатли давлат органи томонидан тан олинмаганлиги сабабли ноқонуний ҳисобланади.

Нострификация хусусий ташкилотга ишга жойлашиш вақтида мажбурий эмас, дея кенг тарқалган бошқа хато фикр мавжуд. Бунда баъзи бир ҳуқуқшунослар ушбу фикрни асослаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2010 йилдаги 181-сон «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорига мурожаат этадилар.

Улар таълим даражасига қўйиладиган минимал талаблар борасида Классификаторни хусусий сектор томонидан қабул қилиш тавсиявий тусга эга эканлиги, нострификация жараёнининг амалга оширилиши ҳам гўёки тавсиявий тусга эгалиги ҳақидаги хато фикрни илгари суришга ҳаракат қиладилар.

Келинг, вазиятни таҳлил қилиб кўрайлик. Кўчирманинг асл нусхаси қуйидаги кўринишга эга: «Классификатор ишга қабул қилишда ходимларнинг маълумоти даражасига қўйиладиган энг кам талаблар юзасидан — Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган барча давлат органлари ва ташкилотларида, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларда қўлланилиши мажбурий, бошқа ташкилотлар учун эса — тавсия тусига эга».

 Эътибор қилиш лозимки, классификаторни умуман қўлламаслик тавсия тусига эга эмас, балки давлат томонидан таълим даражасига нисбатан белгиланган минимал талабларни қабул қилиш хусусий сектор иш берувчиси томонидан ходимни ишга олиш пайтида корхонадаги вазиятлар асосида қайта кўриб чиқилиши мумкин, дейилмоқда.

Нострификация ишга жойлашиш вақтида таълим даражасига қўйиладиган талаб эмас, балки таълим тўғрисидаги ҳужжатни хусусий ёки давлат сектори иш берувчисининг ходимлар бўлимига тақдим этилгунга қадар ваколатли давлат органи томонидан тан олиниши ҳисобланади.

Қолаверса, нострификация тўғрисидаги Низомда маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг эквивалент эканлиги қайд этилганлиги ҳақидаги қарор ҳужжатнинг эгасига махсус гувоҳнома бериш тўғрисида тегишли буйруқ чиқаришга асос бўлиб хизмат қилиши ва ҳужжат эгасининг маълумот тўғрисидаги ҳужжати гувоҳнома билан биргаликда тақдим этилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон ёшлари хориждаги нодавлат таълим муассасаларига ўқишга киришдан олдин улар томонидан бериладиган диплом Ўзбекистоннинг ваколатли органи — Давлат тест маркази томонидан нострификация (тан олиниши) қилиниши ёки қилинмаслиги ҳақида ўйлаб кўришлари фойдадан холи бўлмайди. Улар бунинг учун Давлат тест марказига мурожаат қилишлари ёки тест марказининг веб-сайтида жойлаштирилган маълумотлар билан яқиндан танишишлари зарур.

Навигация