Мақола

bepul uqish

Россотрудничество бепул таҳсил олишлари учун чет эл фуқароларини Россия университетларига очиқ тарзда қабул қила бошлади.

Муассаса раҳбари Любовь Глебова олий маълумот ҳақидаги дипломга эга бўлиш учун ким, нега ва қай мақсадда Россияга йўл олиши мумкинлиги ҳақида батафсил гапириб берди.

Россияга ким, нега ва қай мақсадда ўқишга отланиши мумкинлиги ҳақида Sputnik Ўзбекистон сайтига Россотрудничество раҳбари Любовь Глебова гапириб берди.

 – Любовь Николаевна, бепул олий маълумотга эга бўлиш учун ҳар йили Россияга қанча чет эл фуқаролари ташриф буюради?
– Сўнгги уч йил давомида Россия йилига 15 минг нафар чет элликларни ВУЗларда бепул олий таълим олишга таклиф қилиб келади. Мазкур жараёнга 400дан зиёд Россия университетлари жалб қилинган.
2016 йилда биз илк бор қабулни очиқ тарзда ўтказмоқдамиз. Бошқа давлатлардаги ҳамкасбларимизнинг ушбу йўналишдаги тажрибасига таяниб, жорий йилда аризаларни электрон тарзда тақдим этишни ташкиллаштирдик. Ўқишга қабул тартиби  ўзгармаган, лекин ушбу жараён анча осон ва шаффоф тусга эга бўлди — маълумотлар ягона ойна орқали киритилмоқда, танлов тезкор усулда амалга оширилмоқда. Ахборот портали ушбу жараён атрофида ўралашиб юрган кўп сонли «воситачилар»дан қутулиш имконини берди.
Жаҳондаги 198 мамлакат фуқаролари турли мутахассислик бўйича (тиббиётдан тортиб техника соҳасигача, шу жумладан, ядровий физика мутахассисликлари бўйича ҳам) таҳсил олиш учун ўз аризаларини йўллашлари мумкин. Рус тили мутахассислари, лингвистлар ва филологлар учун алоҳида йўналиш жорий қилинган. Айни вақтда хорижда рус тилига бўлган эътибор ўта юқори даражада.
– Россия давлат квотасига ўз номзодлигини кўрсатиш учун чет эл фуқароси қандай йўл тутиши лозим?
– Бунинг учун www.russia.study порталида рўйхатдан ўтиш зарур. Рўйхатдан ўтиш чамаси 20 дақиқа вақтни олади ва иккита осон босқичдан иборат: чет эл фуқароси ўз шахсини тасдиқлайди, сўнгра электрон манзилини очади. Деярли шу заҳотиёқ рухсат берилганлик ҳақида жавоб хати келади. Электрон манзили келгусида бўлажак абитуриентлар билан тезкор ва ишончли алоқани таъминлаш учун зарур бўлади, аммо ушбу алоқадан қанчалик самарали фойдаланиш эса келажакда таҳсил олишга мойиллик билдирган номзоднинг шахсий манфаатларига боғлиқдир.
Шахси тасдиқланганидан сўнг номзоднинг эътиборига анкета, яъни, сўроқ варақаси тақдим этилиб, номзод варақага шахсига, маълумотига оид ахборотни киритади, шунингдек, ўзига маъқул бўлган таҳсил йўналишини кўрсатади ҳамда ўз истагини асослаш бўйича ихтиёрий равишда хат ёзади. Варақа давлат бўйича умумий рўйхатга киритилади. Сўнгра тегишли давлат оператори (ҳар бир давлатнинг ўз оператори мавжуд) номзодларнинг дастлабки танловини амалга оширади.
– Айтингчи, бундай ҳолда истеъдодга эга бўлмаган айрим чет эл фуқаролари тегишли ғайрат ва билимларга эга бўлган россиялик абитуриентлар ўрнини эгаллаб қолмасмикан?
– Дунёнинг аксарият давлатларида Россотрудничествонинг ваколатхоналари мавжуд, яъни, шулар қаторига кирувчи Россия илм-фан ва маданият марказларининг вакиллари бир неча мезонларга таяниб (номзоднинг ижобий баҳолари акс эттирилган шаҳодатномаси, Олимпиадалардаги иштироки ва бошқа ютуқлари) номзодларнинг шахсий варақаларини дастлабки босқичда баҳолайди. Энг муваффақиятли ва истеъдодли ёшлар юзма-юз ёки масофавий суҳбатга таклиф қилинади. Мисол учун, Сурияда тўхталсак, танлов фақатгина масофавий тарзда ўтказилади. Шу билан бирга, биз суриялик талабаларни албатта кутиб қоламиз ва Россия университетларида интизорлик билан қарши оламиз.
Якуний танлов Россия илм-фан ва маданият марказлари, элчихоналар, маҳаллий таълим вазирликлари ва ижтимоий ташкилотлар вакилларидан ташкил қилинган ҳайъат томонидан амалга оширилади. Айни дамда биз университетлар билан уларнинг вакиллари ҳам ҳайъат аъзолари бўлиши борасида музокаралар олиб бораяпмиз.
Жорий йил бошланғич тажриба ҳисобланиб, танлов жараёни суҳбат ва тестдан ўтказиш кўринишида ўтказилади. Аммо келгуси йилда биз олимпиадалар ва тестлар тизимига асосланган баҳолашнинг тўлиқ шаклига ўтамиз. Ҳар бир давлат бўйича алоҳида рейтинг шаклланади. Танловнинг яна бир таркибий қисми бўлиб россиялик университетлар томонидан чет эл давлатлари ҳудудида ўтказиладиган олимпиадалар ҳисобланади. Айни вақтда Россотрудничество ушбу олимпиадалар айнан бир хилда ўтказилиши ва ўзаро кетма-кетликда тартибга солиниши борасида тегишли ишларни амалга оширмоқда.
– Танловдан ўтмаган номзодлар нима қилади?
– Бирон-бир чет эл фуқароси 15 минг абитуриент қаторидан квотага эга бўла олмаса, унга Россия университетларида контракт асосида ўқиш таклиф қилинади. Кўпгина олий ўқув юртларимизда таълим олиш нархи нисбатан юқори эмаслигини ҳисобга олсак (аксарият университетларда ўқиш нархи йилига 1000–1500 еврони ташкил қилади), таълим олишнинг мазкур кўриниши ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотиши мумкин.
– Мазкур жараённинг кайси босқичида бевосита университетлар ишга киришади? Тавсия қилинган номзод муайян олий ўқув юртига қай тарзда бириктирилади?
– Чет эл фуқароси квота доирасида танловдан ўтганидан сўнг, келгусида ўқиш истагини билдирган 6 та олийгоҳни танлаб, уларнинг кетма-кетлигини белгилайди. Кейин эса қизиқ механизм ишга тушади: ҳар бир университет ўз «электрон кабинет»ини очган ҳолда ўзига маъқул бўлган номзодни танлайди. Агарда номзод энг афзал кўрган олийгоҳга кира олмаса, унинг маълумотлари иккинчи ўриндаги ўқув юртига ўтказилади… Шу тариқа абитуриент олтинчи университетгача бориши мумкин. Агарда қайд этилган олтита университетдан ҳеч қайси олийгоҳ номзодни танламаса, РФ маориф ва фан вазирлиги номзодга бирон-бир бошқа университетда муқобил тарзда таҳсил олишни таклиф қилади. Ишонинг, ушбу жараёнда ҳеч ким эътибордан четта қолмайди.
– Фикрингизга кўра айни вақтда Россияни жаҳон миқёсида мустаҳкам олий маълумот тизимига эга давлат сифатида қабул қилишадими? Олий маълумот олиш учун Россияга йўл олганларда қандай муҳим манфаатлар бўлиши мумкин?
– Биринчидан, Россияда мухандислик, табиий фанлар, математика йўналишлари, филология ва рус тили мутахассисликлари бўйича юқори сифатли таълим тизими йўлга қўйилган. Хорижда нуфузли ҳисобланган мутахассисликлардан бири бўлмиш тиббиёт маълумоти ҳам алоҳида эътиборга сазовор. Маданиятшунослик соҳасида ҳам ўхшаш ҳолат: рус мусиқаси, театри, киноси аввалгидек чет эл фуқароларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Россия маориф тизими бошидан кечирган оғир кунларга қарамасдан жаҳонда ўзига хос бўлган фундаментал, чуқур ва фанлараро таълими сифатида тан олинган.
Иккинчидан, Россияда, айтайлик, Европадан фарқли равишда, ҳаёт ва таълим олиш нисбатан арзондир. Учинчидан, бир қатор давлатлар учун Россия етакчи ҳисобланади. Айни вақтда бир қатор давлатларда юқори мансабларни эгаллаб турган раҳбарлар қачондир Россияда таҳсил олишган. Бугун фарзандлари абитуриент ёшига кирганлари сабабли улар Россия таълим тизимига катта қизиқиш билан назар ташламоқда ҳамда Россияда ўқиш натижасида юқори онг-билим даражаси, фойдали алоқалар ва тўғри дунёқараш қобилиятини ривожланишини яхши англайдилар. Мазкур ҳолат нафақат МДҲ мамлакатлари, балки Осиё ва Африканинг ривожланиб бораётган давлатлари, алоҳида олинган Европа давлатлари, шунингдек, Лотин Америка давлатларига хосдир.
– Нима деб ўйлайсиз, ушбу лойиҳа Россияга қандай фойда келтириши мумкин?
– Биринчидан, мазкур лойиҳа университетлар ва Россияга ўз келажагини таъминлаш ва мақсадли инвестицияларни жалб қилиш имкониятини яратиб беради. Россиянинг сифатли маълумоти соҳибига айланган чет эл талабалари ўз мамлакатларига қайтиб Россия Федерациясига содиқ бўлиб қоладилар. Илм-фан соҳасида фаолият бошлагач, Россиянинг таълим ва илмий ташкилотлари билан яқин алоқаларни йўлга қўядилар. Энг тиришқоқ ва талабгор талабалар эса Россияда қолиб, шу ерда ўқишни ва ишлашни давом эттиради. Гапнинг муддаоси шундаки, биз иқтисодиётимиз ва таълим тизими учун зарур бўлган мутахассисларни Россияга жалб қиламиз.
Бундан ташқари, Россия университетларида бепул таълим олиш квоталари нафақат бакалаврларга, балки магистрлар ва аспирантларга ҳам тегишли, бу ҳолат эса академик мобиллика ишора қилувчи кўрсаткич, яъни, талабалар алмашувининг таркибий қисмидир. Олийгоҳлар халқаро миқёсда алоқа ўрнатадилар. Квотадан ташқари контракт бўйича таълим олиш учун келаётган чет эл талабаларига келсак, ушбу ҳолат университетлар учун сезиларли моддий кўмакдир.
– Россияда ўқиш учун жаҳонда энг мураккаб тиллар қаторига кирувчи рус тилини билиш зарур. Чет эл талабалари учун рус тилини ўргатиш ишлари йўлга қўйиладими?
– Россиянинг кўпгина университетларида тайёрлаш факультетлари фаолият юритади. Рус тилини умуман билмайдиган талабалар қисми (бундай талабаларнинг сони ҳар йили чамаси 4 минг нафарни ташкил этади) бир йил давомида айнан тилни ўрганадилар. Аммо бундай талабаларнинг ҳар бирини ўқитиш учун йилига 100 минг рублга қадар маблағ сарфланади. Давлат пул йўқотса, одамлар вақтни бой беради. Шу сабабли келажакда Россотрудничество россиялик университетлар билан биргаликда жаҳоннинг турли мамлакатларида «четга чиқарилган» тайёрлов факультетларини ташкил қилиб, уларда рус тилини ўргатиш ва тест марказларини шакллантиришни таклиф қилмоқда.
– Россия олийгоҳларида бепул таълим олиш таклифидан фойдаланмоқчи бўлганлар сони кўпми?
– Айни вақтда Россияда талаба бўлиш истагини билдирганлар сони ошмоқда: одамлар қўнғироқ қилишади, ижтимоий тармоқларда саволлар йўллайди, порталда рўйхатдан ўтмоқда. Ҳозирча энг юқори фаолиятни МДҲ давлатлари фуқаролари билдирмоқда, русийзабон муҳитда талабаларни қабул қилиш ҳақидаги ахборот тез тарқалишини биз кутгандик, бу табиий ҳолат.
Россия олий ўқув юртларида чет эл фуқароларини бепул ўқитиш учун қабул қилиш ҳар йили ўказиладиган ва узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳадир. Мазкур лойиҳа мамлакатнинг фаолиятини белгилаб берувчи ташқи сиёсатнинг самарали воситаси бўлганлиги сабабли келажакда квоталар сонини ошириш тарафдоримиз.

Навигация