Мақола

Меҳнат муҳожири Икромжон Сатторов ҳикояси

qullikdan qochish

«Имо-ишора билан ишни тушунтирарди»

18 ёшга тўлиб-тўлмасдан, Россиянинг нима эканлигини билмасдан 2013 йил ноябрь охирларида йўлга чиқдик. Примор ўлкасидаги Уссурийск шаҳрига келдик. Дадам билан келганимизда тизза бўйидан қор эди. Дадамни хўжайини (иш берувчи)ни дачасига бордик, у ерда бизни яхши кутиб олишди. У одам нефть савдоси билан шуғулланар, ўнтача хусусий бензин заправкалари, нефть базаси ва бир неча магазинлари бор экан. Шаҳар марказида катта уй қураётганди, мени ўша ерга қоровул қилиб ишга олиб қолди. Дадамни эса ўрмондаги дала ҳовлисига эртаси куниёқ олиб кетди.

Россияга биринчи келиши бўлган, русчани р харфини ҳам билмайдиган бола совуқда бирорта ўзбек бўлмаган жойда руслар билан ёлғиз қолди.

Аста қийналиб ишниям бошлаб олдим.

Ҳайдовчи ишни бир амаллаб имо-ишоралар билан тушинтириб берарди. Кундузи билан совуқда ишлаб, кечаси эса қоровуллик қилардим. Шунча ишга ўн беш минг рубль ҳақ тўларди. Хўжайинимиз жуда тез жаҳли чиқадиган, салга сўкинаверадиган одам эди.

Русча гапирса ҳеч нарсани тушунмасдим. Ахийри, жонига тегдимми, мени қишлоқдаги нефть базасига жўнатиб юборди. У ерда эса одамлар оддий, кўнгли тоза эди. Хужжат қилмаганимиз сабабли хўжайин мени ҳатто дўконгаям чиқармайсан, деб базадаги бошлиғимга тайинлабди. Рус тилини ўрганишга иштиёқим жуда баландлиги туфайли беш ойда талаффуз билан гапира бошладим, етти ойда фикримни бемалол тушунтириб берадиган бўлдим.

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, тўққиз ой тўрт девордан бир хатлаб ўтганим йўқ.

«Ўзимни крандан ташладим» 

Кейин яна Уссурийск шаҳрига қурилишга ёрдамга чақиришди. Базадаги бошлиғим элтиб қўйди, борибоқ ишни бошлаб юбордим. У ерда ҳам фақат руслар эди, мен ёлғизлигим учун роса иш буюришиб ўзбек деб мазахлашарди. Бошлиқ ҳам сал айбим учун уч кунлаб сўкарди. Дадамга дардларимни айтгим келарди, улар турган жойда алоқа йўқлиги сабабли уч ойда бир гаплашардик, холос.

Роса аламим ошиб кетса кечқурунлари тўйиб-тўйиб йиғлаб олардим. Кейин менда тезроқ бу ерлардан қутилиш керак, деган фикр пайдо бўлди ва қандай кетиш мумкинлигини ўйлай бошладим. Режа тузиб юрган бир маҳалимда уйга кран келадиган бўлди. Плиталарни томга жойладик. Кечгача ишни тугатиб бўлгач, бошлиқ краннинг троссини еч, деб бақирди. Мен кранга чиқдим. Троссни узиб сакраганимни биламан, кранни энг учидан бошимга бир парча темир бўлаги келиб тушди.

Мен эса оғриқ сезганим йўқ. Аслида темир бошимни силаб ўтганди, холос. “Мана сенга қулай вазият”,  дедим-да, ўзимни крандан ташладим. Кўзимни юмиб олдим, гўёки ҳушдан кетгандек. Тўполон бўлиб кетди.  “Тез ёрдам” чақиришди, мени касалхонага олиб кетди.

Касалхонга кир бўлиб кетган ишчи кийимларим билан кетдим, бошимдан қон оқиб ётганди. Шифокорлар кўриб рентгенга туширишди. Хуллас, касалхонага жойлашдим.

Уч кун ётдим, бирортаси яхшимисан, деб келмади. Бирорта таблетка ёки укол ҳам қилишмади. Бир инсофли кавказлик киши пул бериб ёрдам қилди. Бошлиғим эса қўнғироқ ҳам қилмади. Жавоб беришгач, ҳайдовчиси мени олиб кетди. Ўша жаҳаннамга қайтиб бордим. Ўзимни яхши ҳис қиляпману, уларга турсам бошим айланиб кетяпти, деб баҳона қилдим.

Ойлигимни талаб қила бошладим. Бошлиғим  4 кун йўқ бўлиб кетди ва келиб уриш жанжаллар билан пулни берди. Мен эса ўша куниёқ поездга билет олиб, у ердан чиқиб кетдим.

Ўн бир ой ўтдию, ўн бир йил ишлагандек бўлдим.

«Бошқа у ёқларга бормайман, деб ўзимга ваъду бергандиму…»

Уйга ҳам келдим, аммо яна ўша эски ҳаммом, эски тос. Яна кўчага чиқишлар, пул йўқ, уйда етишмовчиликлар… Бир ёқдан қурилиш бошлаб олганмиз. Бироз вақт ўтиб, дадам ҳам келдилар.

Яна бирор жойга бориб ишлаш керак эди. Бўлмаса яшаш кундан кунга оғирлашиб бораётган эди. Қиш келди. Дадамга бошлиғи ўғлинг билан яна битта одам олиб кел, деб қўнғироқ қилиб қолди. Мен “агар фақат нефт базасига жўнатса бораман, бўлмаса бормайман”, дедим.

Аслини олганда, энди у ёқларга умуман бормайман, деб ўзимга ваъда бериб келгандиму қарасам, менда бошқа вариант ҳам қолмаганди. Бошлиқ шартимга рози бўлди ва биз яна йўлга чиқдик…

2015 йил февраль ойининг охирида келдик. Бошлиғимиз хужжатларимиз учун 3 кишига қарз берди. Биз олдин патент, кейин шартнома қилиб олдик. 20000 рубль ойлик бераман. Озиқ-овқатларинг мендан ва ҳар ойлик патент тўловини ҳам ўзим қиламан, деди. Кейин эса қарзимиз борлигини пеш қилди. У ерда бизга хужжат керакмаслиги, унда ишончли туриши ва тўловларни тўлаб туришини айтди.

Хуллас, уччовимизниям хужжатларимизни (паспорт, миграция картаси, қайд қоғози ва патент уч ойлик тўлов чеклари билан) олиб қўйди.

 

«Нафас олишга ҳам қўрқиб қолгандим»

Дадамни ўрмондаги дала ҳовлисига коровулликка, мени нефть базасига,  учинчимизни ўша қурилишга юборди. Ишни ҳам бошладик. Энди хужжатларимиз жойида, дўкон-пўконга чиқиб тураман деб ўйлагандим. Ўша аҳвол яна такрорланди: чиқишга рухсат йўқ. Фақат итдек ишлаш, ишдан кейин чарчоқдан қотиб ухлаш.

Ўйлаб қарасам, ўтган сафар кўрган қийинчиликларим бу сафаргисининг олдида денгиздан томчи экан.

Ҳамма ёқда видеокузатувлар бор эди, 20 тага яқин. Ишонсангиз мен яшайдиган вагончага ҳам қўйилган. Бошлик шаҳарда туриб кузатади. Ишга бир дақиқа кеч қолсам,  дарров база инженерига қўнғироқ қилиб сўкиб қўй дерди.

Агар сигарет чекканим камерага тушиб қолса, уч кун бошимда калтак синарди. Уйга қўнғироқ килишга эса инженернинг ўзи бир ойда бир марта яширинча 200 рублдан солиб турарди. Қўпол қилиб айтганда, нафас олишга хам қўрқиб қолгандим.

Уйга бир-икки марта қўнғироқ қилганимни видеокузатувда кўриб қолган экан, телефонимни куч ишлатиб олиб қўйишди.

Бу ҳаётга келганимдан ҳар куни афсусланардим. Бақириб-бақириб йиғлаб олишдан бошқа қўлимдан ҳеч нима келмасди.

 

«Дадангни ўлиги ўрмонда қолиб кетади»

Хужжатларимиз учун ажратган қарзини иш ҳақи ҳисобидан қутилдик. Журъатимни тўплаб бошлиқ билан учрашишга рухсат сўрадим. Бир хафталик ялинишларимдан кейин телефонда гаплаштиришди. Мен қарзимиздан қутилганимизни, энди хужжатларимизни беришини сўрадим. Сабабини сўраганди, кетишимни айтдим. Унинг жаҳли чиқиб кетди, мени ҳақоратлаб сўка бошлади. Унда қочиб кетиб полицияга айтишимни билдирдим. Бошлиғим “Агар шундай қилсанг, дадангни ўлиги ўрмонда қолиб кетади” деди.

Дадам билан гаплашишим керак эди, уларнинг маслаҳатисиз ҳеч иш қилолмасдим.  Бир куни бошлиғимиз базага келди. Тўғри менинг ёнимга келиб, бўйнимдан буғди.

“Тилинг чиқиб қолдими?! Сен ҳеч ким эмассан! Ҳеч кимга билдирмай ўлдириб юбораман, ўлигингни ит ҳам топа олмайди!” деди ғазаб билан.

Қўрққанимдан тилим ҳам айланмай қолди, бошқа бир оғиз сўз ҳам айта олмадим.

 

«Икки километр тўхтамай югурдим»

Орадан бир хафталар ўтиб, дадам телефон қилиб қолди. Бор гапни айтдим. Маълум бўлишича, дадамнинг бошига меникидан ҳам баттар кунларни солаётган экан. Уч ойдан бери озиқ-овқат олиб бормабди. Учинчимиз билан ҳам боғландик, унда ҳам шу аҳвол. Уччаламиз ҳам уч ойдан бери иш ҳақига бир рубль пул олганимиз йўқ эди. Келишиб, ҳаммамиз бир кунда қочиб чиқиб, шаҳарда кўришадиган бўлдик.

Белгиланган кун ҳам келди. Мен кечқурун қочишни режалаштирдим. Нарсаларимни йиғиштириб қочиш учун атиги беш минут вақтим бор эди, чунки хонамдаги камерани беркитишим билан инженерга телефон қилади ва у беш минутда етиб келади

Кўп ўйлаб ўтирмай камерани устига сочиқ ташладим-да, керакли нарсаларимни олдиму ўзимни дарвозага урдим. Орқамдан қоровул югуриб қувлади. Мен жон-жаҳдим билан югурардим. Билардимки, ушлашса ё қул бўлиб қолиб кетаман, ёки мени соғ қўйишмайди.

Бор кучим билан югурдим, қоровул ета олмай ортига қайтди. Мен шу кетишда 2 км ларча тўхтамай югурдим. Катта трассада югуруиб кетаётиб ортимга қарасам, бошлиғимизнинг машинаси узоқдан келаётганини кўрдим. Йўлнинг икки ёни ўрмон эди, ўзимни дарахтлар ичига урдим ва панароқ жойга беркиниб олдим.

Бекинган жойимда йўлни кузатишни имкони бор эди. Ўша ерда ўтиравердим, кун совуқ, оёғим кўлмакка тушиб кетиб хўл бўлгани учун музлай бошлади. Шу ҳолатда соат 21 лардан тунги 1 ларгача мени излаб у ёқдан бу ёққа тўхтамай ўтиб қайтиб юришди. Топа олишмагач, охири кетишди.

Қутилганимга ишонч ҳосил қилгач, секин йўлга чиқдим. Чўнтагимда бир рубль ҳам йўқ, пиёда кетавердим.  Шу қишлоқдан чиқиб олсам бўлди, дея кетавердим. Бир ярим соатча йўл юрганимдан сўнг Сибирцево деган шаҳарчага етиб келдим.

 

Прокуратура, полиция, участка инспектори… 

Йўл бўйидаги бекат ўриндиғига дам олиш учун ўтирдим. Тун бўйи юриб чарчаган эканман, ухлаб қолибман. Одамларнинг кулгу овозидан уйғониб кетдим. Кўзимни очсам,  уч-тўрт рус йигитлар тепамда туришган экан. Саломлашдим. Нега бу ерда ётганимни сўрашди. Улар аввалига устимдан кулишаётганди, кейин вазиятимни тушунгач, муносабатлари ўзгарди. Сергей деган йигит уйига таклиф қилди. У билан бирга кетдик. Унинг уйида қорнимни тўйғазиб 2 соатча дам олдим. Кейин кетишим кераклигини айтганимда мени автовокзалгача кузатиб қўлимга 500 рубль пул берди.

Автобусга ўтириб Уссурийскка келдим. У ерда мени дадам ва учинчи шеригимиз кутиб олишди. Ўша куниёқ ФМХ идорасига бордик, улар прокуратурага жўнатишди. Прокурор ўринбосари дарҳол тергов қўмитасига бориб ариза ёзишимиз кераклигини айтди.

У ерда участка инспекторини чақиришди. У биз билан суҳбат ўтказиб, бошлиғимиз Вадим Анатольевич Чавага қўнғироқ қилди. Бошлиғимиз “ҳозир денгизда дам олаяпман, 10 кундан кейин бориб ҳал қиламан”, дебди. Участка инстпектори унга бошқа бир сўз демай телефонни ўчирди.

Биз ариза ёзамиз десак, “ йўқ, ўзим ФМХ орқали ҳал қилиб бераман”, деди.

 

«Ариза бўлмаса, биз ҳеч нима қила олмаймиз»

Эртаси куни бизни ФМХ идорасига чақиришди. Уссурийск шаҳри ФМХ  раҳбари Ручконинг қабулига олиб киришди. Раҳбар бўлган воқеани эшитиб, исм-фамилия, керакли маълумотларни ёзиб олди. 3 кундан кейин боришимизни айтганди, аммо уни кейинги кунларда ҳам топа олмадик. Яна прокуратурага бориб, бўлган воқеаларни айтдик. Прокурор ўринбосари “ҳалиям ариза ёзмадиларингми?! Бугуноқ ёзинглар, ариза бўлмаса  биз ҳеч нима қила олмаймиз”, деди.

Ариза ёздик, 10 кун ичида кўриб чиқилади, деб, қўлимизга қанақадир қоғоз беришди. 10 кун ўтди, дарак бўлмади. Бордик, “ишни кўраяпмиз”, дея баҳона қилишди.  Кейин эса бизни ФМХ раҳбари чақиртирди ва хужжатларимизни берди. “Уч кун ухламай одамларимни излаттириб топдирдим” деди.

Берилган хужжатларимиз ичида эса паспорт билан ўзим тўлаган 3 ойлик чек бор эди холос, қайд қоғози ва бошқа чеклар йўқ. Қолганлари қани десак, “Топган жойимда фақат шулар бор эди” деди. Бизга 3 кунгача полиция индамаслигини, кейин қўлга тушсак депортация бўлишимизни айтди. Ваҳоланки, бошлиғим 2016 йилнинг март ойигача патентимиз учун тўланган чекларини бизга кўрсатган эди. Ручко хужжатларимизни қаердан ва қандай олгани бизга қоронғу.

Ҳозир дўконда юк ташувчи бўлиб ишлаяпман, 35 000 рубль иш ҳақи олаяпман. Шароитим ҳам яхши, уйга ҳам пул юбориб турибман. Шу пайтгача бир марта полиция ушлади, бўлган воқеани айтгандим, қўйиб юборишди.

Дадам эса Ўзбекистонга қайтдилар.

1 dona sharh

  • Chontakda pul yo bosa seni tuyadayam it qopadi…. Osha boshliq fmsga pul berib ogzini berkitgan….

Навигация