Мақола

Ўзбекистонда 2019 йилнинг  1 январидан бошлаб чиқиш стикерлари бекор қилиниб, хорижга чиқиш паспорти жорий этилади. Президент Шавкат Мирзиёев 16 август куни шу ҳақдаги қарорни имзолади.

Қарорда айтилишига кўра, 2011 йилда киритилган ва бугунги кунда амал қилаётган Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти, Ўзбекистон ҳудудида фуқаро шахсини аниқловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади.

Фуқаролар 2021 йилнинг 1 январига қадар, виза талаб қилинмайдиган мамлакатлар, шу жумладан Россия ҳудудига, бугунги кунда амал қилаётган (яшил) паспорт билан боришлари мумкин.

Хорижга чиқиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш ва бериш муддати 15 иш кунидан 10 иш кунигача қисқартирилади.

Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортининг амал қилиш муддати вояга етмаган шахслар учун 5 йилгача, 16 ёшдан катта шахслар учун 10 йилни ташкил қилади.

Фуқаролар электрон ариза тақдим этиш, электрон навбатга туриш, давлат божини электрон тўлов тизими орқали тўлаш, шунингдек, ҳужжатнинг тайёрлигини онлайн текшириш имкониятига эга бўлади.

Навигация