Мақола

12596341_1033807476657483_889447098_n

Доллар тушмаяпти, ойлик кўтарилмаяпти, қонунлар қаттиқлашди,

Россияда ишлаш бефойда бўлиб қолди…

Унда нега Ўзбекистонга қайтиб кетмаяпсиз?

Шу савол билан Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар орасида сўровнома ўтказдик. Сўровнома жавобларини ҳам мигрантлар ҳаётини яхши билган ҳолда, ўзимиз тақдим этдик. Нега Ўзбекистонга қайтиб кетмаяпсиз, деган саволга берилган жавоблар қуйидагича:

  1. Юртимизда ўзимга иш топа олмайман.
  2. У ерда рўзғордан пул орттириш қийин.
  3. Шунчаки, Россияга ўрганиб қолганман.
  4. Яхши бўлиб қолар, деб кутаяпман.
  5. Ўз жавобимни изоҳда қолдираман.

16 000 га яқин ўзбекистонлик мигрантлардан иборат гуруҳимизда эълон қилинган сўровномада асосан Москвада ишлаётган муҳожирларимиз фаол иштирок этди. Натижа эса қуйидагича:

42 % мигрантлар “Яхши бўлиб қолар, деб кутаяпман”, деган жавобни белгилашган.

23 % юртдошларимиз “у ерда рўзғордан пул орттириш қийин”лигини билдиришган.

19 % муҳожирлар “Юртимизда ўзимга иш топа олмайман” дейишган.

12 % ўзбекистонликлар “шунчаки, Россияга ўрганиб қолганман” жавобини танлашган.

4 % эса ўз жавобини изоҳда қолдиришни маъқул топган ва ўз фикрини изоҳда тўлиқроқ баён этган.

Фикрлар эса жуда кўп. Самарқандлик мигрант “Москва нонини еганлар қайтиб кетишармикин” дея, пойтахтнинг қулай шарт шароитларига ишора қилса, бошқаси унинг фикрини маъқуллаб “Москванинг тупроғи оғир”лигини ёзган. Россияга ўрганиб қолганман, дея изоҳ қолдирганларнинг аксари бу ерда яшаш шароитлари яхшилигини тасдиқлашган.  Ҳазил билан “Бизлар ҳар бир отделни решёткаларигача соғинамиз” ёзганлар ҳам бор.

Россияга “ўрганмаганлар” эса, бу ерда ноиложликдан юрганлигини билдирувчи сабабларни келтиришган. Бири “Водийда энг яхши ойлик 500 700 бўлаяпти, ўйлаб қараса, 100 доллар. Рўзғордан ортмайди”, деб ёзса,  бошқаси “патентни майгача тўлаб қўйибман, май ойи келсин, кетаман” дейди.

Кўпчилик эса “кетиш” фикрига ўз муносабатларини билдиришди.

“Келмайман, деб кетганларни ҳам кўраяпмиз, барибир қайтиб келишаяпти. Иш йўқ. Иш бўлсаям, ойлик оз. Мна яхши бўлади, энди яхши бўлади деб 25 йил ўтиб кетди”

“Кетади, аммо яна қайтиб келишади”.

“Кўпчилик ўзи ишсизликдан Россияга келишаяпти. Ёки ойлиги кам”.

Ёки яна шундай изоҳлар ҳам қолдирилган:

“Юқоридаги тўрт вариантга ҳам қўшиламан, 2 чисига кўпроқ (яъни, рўзғордан пул орттириш қийинлиги ҳақидаги)”

“Иккита жавобни белгиладим, аммо ҳамма жавобларга қўшиламан”

“У ердаги оилани ҳам, бу ердаги оилани ҳам боқиш керакку”

“Қаерда яшамайлик, Ўзбекистонда ҳаёт яхшиланишига умид билан яшаяпмиз.”

“Ўз юртингдан қўймасин. Оз қолди, бу ерда ўзбек қолмайди, ўз ватанимизда ҳамма нарса етарли бўлади”.

Бу каби умид билан яшаётганларнинг энг оригинал жавобини бир йигит ёзди:

“Россиядан нега кетмаяпмиз?! Жуда нозик савол! Биз ўзимиз билиб билмаган ҳолда ниманидир кутаяпмиз.Менимча, карахт бўлиб қолдик. Гўёки, онгимиз музлаб қолди. Нимани кутаяпмиз: бу ерда шароит яхши бўлишиними, ёки она ватанимизда шароит яхши бўлишиними, бунга ўзимиз ҳам жавоб топа олмаймиз!”.

Сўровнома мунозаларига гуруҳимизнинг Ўзбекистондаги аъзоларидан бири ажойиб тарзда якун ясади:

“Ишланглар, ишланглар! Россиядан 200 доллар жўнатсанглар ҳам, 1 500 000 минг сўм бўлади!”

Навигация