Мақола

Ўқиш насиб этгани ва этмагани ҳам бор…

migrantlarni bolalari

Айни пайтда Россия ҳудудидаги чет эллик болаларнинг сони бўйича аниқ расмий маълумот йўқ.

Экспертлар таҳлилича, мамлакатдаги 5 миллиондан зиёд муҳожирларнинг 10 фоизигина фарзандларини ўзлари билан олиб келадилар.

Ҳисоб-китобларга кўра, 200 минг нафар атрофидаги чет эллик болаларнинг энг кўп қисми ўзбекистонликлар ташкил этади.

Уларнинг тақдири ота-оналариникидан ҳам кўра ачинарлироқ: улар ё илм олишдан мосуво бўлиб уйда қаровсиз ўтиришга ёки, ёш ҳолида ота-онасига ёрдам бериш учун оғир ишларда ҳам ишлашга мажбур.

Камдан-кам ҳолларда эса, мактабларга жойлашиб таҳсилни давом эттиришади.

– Уйда қарашга ҳеч ким йўқлиги учун ўғлимни ўзим билан олиб келганман, – дейди 12 ёшли Улуғбекнинг онаси бухоролик Моҳира опа. – Тўғриси, мактабни суриштирмадик, ўзи ҳам ўқишга қизиқмади. Жиянларим уй таъмирлашади. Ўғлим уларга кучи етганча қарашаяпти, қўлига оз-моз бўлсаям пул бериб туришибди. Ҳарна-да!

Бундан икки йил олдин меҳнат муҳожирлари орасида вояга етмаган болаларнинг турли соҳаларда ишлаши кўп кузатилар эди. Аммо, Россия ҳукуматининг 18 ёшга тўлмаганларга ишлаш рухсатномаси бермаслик тўғрисида қарори эълон қилингандан сўнг, ёш мигрантлар яширинча ишлай бошлашди.

– Аям билан келганимда 15 ёшда эдим, – дея ҳикоя қилади Машраб. – Уларни ёрдамида «Кафе-Хаус»га официант бўлиб ишга киргандим, ишни яхши ўргангач, барменликка ўтдим. Кейин кафе директори 18 га кирмаганларни қўймаяпти, деб мени ишдан бўшатди. Ўшандан бери дўконда юк ташувчилик қилаяпман. Иши оғирроғу, лекин ҳеч ким текширмайди.

Аксар ёш меҳнат муҳожирлари таълимни давом эттиришни исташмайди. «Русчани яхши биламан, кейин ўқиш ниятим ҳам йўқ, нима қиламан ўқиб?!» – дейди Машраб. – «Ундан кўра, аямга қарашганим яхши. Чустдан уй олмоқчимиз, уйимиз йўқ…»

Хусусий иш берувчилар эса ёш болаларни кўпроқ майда савдо-сотиқ ишларига жалб қилишади. Ёш гастарбайтерларнинг Россиядаги меҳнатини социолог Ольга Воробей табиий ҳисоблайди.

– «Осиё мамлакатларида болалар 7 ёшдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишларга ёрдамчи бўлиб вояга етишади. Ота-оналар уларни ёрдамчи сифатида ўзлари билан олиб келишлари, меҳнатга жалб қилишлари ажабланарли эмас».

Маълумотларга кўра, айни пайтда Россияда меҳнат муҳожирларининг 40-50 мингдан зиёд болалари меҳнат қилаётгани айтилади.

Бошқа бир меҳнат муҳожирлари эса болаларини боғча ёки мактабларга жойлаштириш жуда қийинлигидан нолишади.

Мамлакатдаги қонун-қоидаларга кўра, чет элликлар фарзандини мактаб ёки боғчага жойлаштириш учун болани турар жойида миграцион рўйхатга қўйиши, тиббий маълумотнома каби хужжатларни тақдим этиши керак. Бола учун тиббий маълумотномани олиш ҳам бир муаммо бўлса, уй эгалари болаларни ҳам ўз уйларига рўйхатга қўйишни исташмайди.

Россияда меҳнат муҳожирларининг минглаб болалари мактабга умуман боришмайди. Фарзанди келажаги учун қайғурган меҳнат муҳожирлари узоқ югур-югурлар билан болаларини мактабга жойлашга муваффақ бўлишаяпти.

Расмий маълумотларга кўра, Москва мактабларида 70 минг нафар меҳнат муҳожирларининг фарзандлари ўқимоқда. Улардан 37 мингга яқини рус тилини билмайди.

– Москвада чет элликларнинг болалари учун 12 та рус тили мактаби фаолият юритмоқда, – дейди Миграцион тадқиқотлар лойиҳаси маркази раҳбари Юлия Флоринская. – Уларда тил билмаган болалар бир-икки йил махсус дастур бўйича ўқитилиб, сўнг оддий мактабларга ўтказилади. Аммо, кейинги пайтларда нима учундир рус тили мактаблари қисқартирила бошланди. Бу кетишда чет эллик болаларнинг таҳсили масаласи нима бўлади, номаълум».

Шунингдек, муҳожир болаларни боғчага жойлаштириш масаласи ҳам ҳамон муаммолигича қолмоқда. Боғчалар Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари болаларини қабул қилмайди.

– Қизчамни боғчага қўйиш учун роса югурдим, хатто бир ойлик иш ҳақимни ҳам таклиф қилдим, – дейди гулистонлик Динора. – Олишмади. Эр-хотин ишлашимиз керак, уйда эса қарашга ҳеч ким йўқ. Ижара уйда одам кўпу, қиз болани қолдиришга одам ҳавотир қилади. Уч ой сарсон бўлиб, охири қараб туришга рус кампирга пул эвазига бердик.

Меҳнат муҳожирлари 10-15 кишилаб бир уйда ижарага туришгани боис, уларни тез-тез полиция «безовта» қилиб туради. Ана шундай ҳолатларда болалар ҳам сарсон бўлишга тўғри келмоқда.

– Уйимизни полиция босганида 10 ёшли боламни олиб кетиб қолди, – дейди фарғоналик Нигора. – Менга болалар уйига топширдик, дейишди. Қайси бирига эканини айтишмайди. Бутун Москва бўйлаб нечта болалар уйи бўлса, изиллаб боламни қидирдим. Охири, топиб катта пулга жарима тўлаб олдик, Ўзбекистонга олиб бориб қўйдим».

Дарвоқе, Россия матбуотида бу мавзуга катта урғу берилиб, «Болалар уйи» масканлардаги ташландиқ болаларнинг 3 дан бири ҳам меҳнат муҳожирларига тегишли, дея даъво қилинади.

Шунингдек, маҳаллий матбуотга таянган ҳолда, бу мамлакатда туғилаётган гўдакларнинг 30 фоизи ҳам марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг фарзандлари деган хулоса чиқариш мумкин.

Навигация