Мақола

Этносиёсий ва минтақавий тадқиқотлар маркази (ЭМТМ) ўтказган тадқиқотларда иштирок этган мигрантларнинг тахминан 60 фоизи ўз ватанида маълумотга ва мутахассисликка эга бўлганини маълум қилган.

Мутахассисларнинг тасдиқлашича, мигрантлардаги асосий муаммо, бу – тил билмаслик. Бу ҳолат Россия ҳамжамиятига интеграцияни чекламоқда, дейилади тадқиқотда.

“2011 ва 2017 йилларда ўтказилган тадқиқот натижалари солиштирилганида, уларда тил ўрганишга хоҳиш йўқ, деган хулосага келишга сабаб бўлмоқда. Қозоғистон ва Украина фуқароларидан ташқари қарийб барча мигрантларда ишда ва дўстлар орасида рус тилидан фойдаланиш даражаси тушиб кетган. Тожикистон ва ўзбекистонлик гастербайтерлар рус тилидан энг кам фойдаланади – у ҳаттоки ишда ҳам 53 фоиз ҳолатдагина асосий тил ҳисобланади”, – дейилади экспертлар хулосасида.

Мазкур тадқиқот мобайнида мигрантлар ксенофобияга камроқ дучор бўлаётгани ҳам маълум бўлди. Кўпчилик маҳаллий аҳоли улар билан яхши муносабатда бўлаётганини таъкидлаган. Ишга жойлашишда фақатина 9 фоиз ҳолатда уларга нисбатан салбий муносабатда бўлинган. Аввалги тадқиқотларда бу кўрсаткич 24 фоизни ташкил этган. Кундалик мулоқотда аввалги 16 фоиз ўрнига 6 фоиз мигрантлар қийинчиликларга дуч келмоқда.

Марказий осиёлик мигрантлар Россияда узоқ вақт қолишни истамаслигини ҳам маълум қилган. Кўпчилик респондентларни фақатгина пул ишлаш қизиқтиради. 20 фоизи эса РФ фуқаролигини олса ҳам ўз ватанида яшашни режалаштираётганини маълум қилган.

Навигация