Мақола

Кеча Бухородан учиб кетар чоғимда ғамгин ва қалбни ларзага солувчи воқеага гувоҳ бўлдим. Она ва 6-7 ёшли икки болакай оила бошлиғини Домодедово рейси томон кузатишарди. Англашимча, ота меҳнат қилиб пул ишлаш мақсадида жўнаб кетаётган эди. Ўрта бўйли, оддий чит кўйлак, сариқ чармли поябзал кийиб олган, кафтида бироз ғижимланган рўмолчани маҳкам ушлаб олган аёл эса ҳар қанча ўзини тутиб, турмуш ўртоғига далда бериш учун жилмайишга ҳаракат қилмасин, офтобда қорайган ёноқларидаги кўзёшлар унинг ички кечинмаларини сотиб турар эди. Ҳеч ким кўрмаслиги учун қўлидаги рўмолча билан уларни тез-тез артиб турарди. Болалар ҳали ушбу ҳодиса моҳиятига тўлиғича етмасада, оила учун муҳим бир воқелик содир бўлаётганини англаб турардилар. Юз ифодалари жиддий, қиёфалари мардона бўлсада, кўзларида чексиз ғам гавдаланарди. Нисбатан каттароқ кўринган ўғил (ёши 7-8 дан ошмагани аниқ) отасига «Биздан ҳавотир бўлманг, дада», дея дадил бош қимирлатди. Хайрлашиб бўлгач, эркак аэропорт ҳудудидаги чегара будкасидан ўтиш учун кириш томон йўналди. Бу ерда милиция ходимлари бирма-бир синчиклаб тафтиш қилиб, ҳужжатларни текшириб фақатгина йўловчиларни ўтказишар эди. Яна икки-уч қадам юргач, эркак қўққисдан тўхтаб, бир он қотиб турди. Катта спорт сумкасини ерга ташлаб бир зумда ортга бурилиб югурди. Икки ўғлининг ёнига етиб даст кўтариб маҳкам бағрига босди. Аёл эса бурчагидан пушти гулчаси кўриниб турган оқ рўмолчасини ғижимлаб, икки кафти билан юзини ёпди. Бирор сас чиқмасди. Шундагина оила бошлиғининг юзини кўришга илк бор муяссар бўлдим. Юмалоқ, офтобда қорайган, меҳрибон ва, шу билан бирга жуда мардонавор чеҳра. Ота ўғилларининг юзларини ёноғига босиб, кўзларини қаттиқ юмди. У атиги бир неча сония давом этган ҳолатни хотирасига муҳрлашга интилгани сабабми, мен учун айни лаҳзалар тўхтаб қолгандек туюлди. Фарзандларини бағридан олиб, ерга туширгачгина қизариб кетган кўзларига разм солдим. Ана шу нигоҳлар билан рафиқасига қараб, тортинибгина унга қўлини чўзди. Улар ҳадиксираб ниҳоятда таъсирли кўринишда қўл ушлашди. Қуйилиб келаётган ҳиссиётлар бўрони қанчалик кучли бўлмасин, ёш ота-она ўғиллари қаршисида ўта ҳаёли, покиза бир ҳолатни намоён қилишди. Шу тарзда улар хайрлашдилар. Ота шунда яна ортга бурилиб, ердаги оғир юкини қўлига олди-да, бирор марта орқасига қарамасдан будкадан ўтиб, шиддатли қадамлар билан аэропорт ичкарисига интилди. Оила эса эркак кўринмай кетганидан кейин ҳам анча вақт қимирламай, унинг изига тикилиб турар эди.

***

Отам кўп йиллар мобайнида Технопромэкспорт ва Зарубежэнергострой гуруҳлари таркибида аввалига Ироқда, сўнг Сурияда муҳандис сифатида меҳнат қилганлар. Улар мазкур ҳудудлардаги бир қатор иссиқлик энергия станцияларининг қурилишида қатнашган эдилар. Отам илк марта сафарга отланганларида мен атиги 10 ёшда эдим. 1978 йилнинг февраль ойидаги сафардан олдинги кун ҳозиргидек ёдимда. Эндигина уйқуга кетар чоғим отам ўрнимга яқинлашиб ёнимга ўтирдилар:
– Зафар, мен кетгач, сен оиламизнинг бош эркаги бўласан. Уларга ғамхўрлик қил. – дедилар.
Мен ўрнимдан гавдамни кўтариб, ўтириб олдим ва отамни маҳкам қучоқладим. Айрилиқ дамларида тез-тез ёдга оладиган лаҳзамни онгимга муҳрлаб олгандим ўшанда.
Отам жами 8 йил умрини хориж сафарларида ўтказдилар.

Зафар Хошимов,

Korzinka.uz раҳбари

Изоҳ қолдиринг

Навигация