Мақола

Санкт-Петербург таркибига кирувчи Колпино шаҳридаги омборда 13 июль куни юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган етти ўзбекистонликнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабар беришларича, 13 июлдан бери Колпинода бўлиб турган Ўзбекистон элчихонаси ходимлари 15 июль куни Санкт-Петербург шаҳри тергов органларининг ёнғинда ҳалок бўлган 7 нафар Ўзбекистон фуқароси жасадларини аниқлаш бўйича тадбирларида иштирок этган.

«Ҳозирги вақтда ўлим тўғрисидаги гувоҳномалар ва жасадларни Ўзбекистонга олиб келишга рухсат берувчи расмий ҳужжатлар тайёрланмоқда ва бошқа тегишли чоралар кўрилмоқда», — дейилади вазирлик ахборотида.

Қайд этишларича, элчихона барча масалаларни тезда ҳал этиш мақсадида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ҳамда Санкт-Петербург ва Колпино шаҳарларининг тегишли тузилмалари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Изоҳ қолдиринг

Навигация