Мақола

Колпино шаҳрида юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 7 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасадлари 17 июль куни Урганч шаҳрига олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси берган маълумотга таяниб хабар қилди. Жасадлар Санкт-Петербург ҳокимияти идоралари ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси кўмагида Ўзбекистонга олиб келинди.

Хабарда келтирилишича, жасадларнинг шахсини тасдиқлаш, вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳномаларини расмийлаштириш жараёнлари якунига етган ва тергов органларидан жасадларни транспортировка қилишга рухсат олинган.

Ҳозирги вақтда ёнғин сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 13 июль куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига қарашли Колпино шаҳрида жойлашган омборхонада ёнғин келиб чиққан эди. Ҳодиса оқибатида йўлак плиталари ишлаб чиқариш цехи жойлашган бинода бўлган етти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. ТИВ вафот этганларнинг барчаси Хоразм вилояти Янгиариқ туманидан эканини маълум бўлди. Улар орасида ота ва бола ҳам бор.

Изоҳ қолдиринг

Навигация