Мақола

Сўнги вақтларда мендан «Бизга ҳам Россияда иш борми?» деб сўрайдиганлар кўпайди. Шу саволни бераётганларнинг аксарияти, (таассуфки, бу айни ҳақиқат) «Самолет (ёки поезд)га чипта сотиб олиб, Москвагача етиб олсам бўлди, иш топиш муаммо бўлмайди, бу ёғига чўнтагим долларга тўлади» деган фикрда бўладилар. Мана шу сингари афсоналарга нуқта қўйиш ва Россияда муаммосиз ишлаб кетиш учун қандай қонун-қоидаларни билиб қўйиш шарт?

Асли андижонлик, айни вақтда Москва шаҳрида мигрантларга юридик хизмат кўрсатиб келаётган ҳуқуқшунос Ботиржон Шерматов билан суҳбатимиз мигрантлар мана шу борада кечди.

– Ботиржон, Россияга ишлаш учун йўл олган Ўзбекистон фуқаролари учун Россия томон қандай тартиб-қоидалар ўрнатган. Суҳбатимизни шундан бошласак.

— Бу ерда қоидалар билан бирга маслаҳатларни ҳам бериб кетмоқчиман. Россияга келишда чегарани кесиб ўтиш пайтидаёқ ҳужжатларга эътиборли бўлиш керак. Россияликлар учун бизни исм-шарифлар мураккаб. Шунинг учун бу исмларни ёзишда кўп хатога йўл қўйишади.

Бунинг олдини олиш учун Ўзбекистонда паспортни рус тилига нотариал таржима қилдириб олиш ва чегарани кесиб ўтиш пайтида ушбу ҳужжатни чегара ходимига тақдим қилишни маслаҳат бераман. Миграция картасини тўлдиришда у ерда ёзилган маълумотлар тўғри ва хатосиз эканлигига эътибор бериш лозим. Битта ҳарфда хато бўлса ҳам бу кейинчалик кўп муаммоларга олиб келиши мумкин. Меҳнат қилиш мақсадида келган шахс миграция картасида «Цель въезда» деган жойида «Работа»ни белгилаши шарт. Акс ҳолда, патент расмийлаштириб бўлмайди.

Ушбу маълумотлар тўғри кўрсатилганидан кейингина миграция картасига имзо қўйиш лозим.

Ўзбекистон фуқаролари 7 иш куни ичида турар жойи ёки ишламоқчи бўлган жойи манзилига миграция рўйхатидан(регистрация) ўтишлари керак. Шуни таъкидлаш жоизки, одатда миграция рўйхатида ўтганлик ҳақидаги маълумот миграция органлари базасига 3 иш куни ичида киритилади. Патентни расмийлаштириш учун қонунчиликда 30 кун муддат берилган. Лекин Московская область каби регионларда 21 кундан кеч булмаслиги керак.

Бунга сабаб қилиб тиббий комиссия хулосаси ва имтиҳон жавоби чиққунича 30 кунга бориб қолиши кўрсатилади. Агар мигрант белгиланган муддатда патентга ҳужжат топширишга улгурмаса, 10 мингдан 15 минг рублгача жарима тўлаши ёки чегарага чиқиб миграция картасини янгилаб келиши талаб этилади.

Патент расмийлаштириш учун паспорт, миграция картаси, миграция базасига киритилган миграция рўйхати(регистрация), паспортнинг нотариал таржимаси(шу ўринда айтиш жоизки, патент расмийлаштириладиган марказларда Ўзбекистон фуқаросидан фақатгина Россия ҳудудида нотариал тасдиқдан ўтган таржималарни қабул қилишади, акс ҳолда бу хизмат учун 400 рубл миқдорида бадал пули олинади, таҳр.), тиббий суғурта полиси, рус тили, Россия тарихи қонунчилиги асосларини билиш тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш ва тиббий кўрикдан ўтиш талаб қилинади.

Одатда патент 15-20 кунларда тайёр бўлади. Баъзи регионларда патентда касб кўрсатилади ва фуқаро фақат ушбу касб билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Патент фақат берилган ҳудуддагина меҳнат қилиш хуқуқини беради.

Бошқа ҳудудда ишлаш учун ўша ҳудудга бориб янги патент расмийлаштириш талаб қилинади. Ундан ташқари патент расмийлаштиришда сўраладиган фуқаронинг юридик шахс(юр. лицо) ёки жисмоний шахс(физ. лицо) қўлида ишлаши ҳақидаги маълумот фақат статистика учун бўлиб, масалан жисмоний шахсда ишлаши кўрсатилиб расмийлаштирилган патент эгаси юридик шахсда ҳам ишлаши мумкин.

Патент чиққан вақтидан 2 ой ичида фуқаро миграция органларини ўзи меҳнат қилаётган жойи ҳақида хабардор қилиши ва тегишли меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий (трудовой, гражданско-правовой) шартномаси нусхасини топшириши керак.

Акс ҳолда, берилган патент бекор қилиниши мумкин. Бу нарсага жиддий қараш керак. Сабаби, патент бекор қилинса, бир йил давомида янги патент расмийлаштириб бўлмайди.

Ҳар ой патент учун олдиндан даромад солиғи (авансовый НДФЛ) тўланади ва патент муддати шу тўланган солиқ даврига қараб белгиланади. Патент учун тўловни патент орқасида ёзилган «Дата выдачи» даги кундан камида бир кун аввал тўлаш керак.

Мисол учун патент орқасида 31.08.2017 кўрсатилган бўлса, тўловни ҳар ойнинг 30 ёки 29 санасидан амалга ошириш лозим. Бир кун кечикиб тўланса ҳам патент муддати тугаган ҳисобланади ва янгитдан патент расмийлаштиришга тўғри келади. Патент муддати берилган кунидан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак.

Муддати тугашига 30 кун қолганда чегарага чиқмай янги патент расмийлаштириш мумкин. Патент олгандан кейин ҳам паьент муддатига қараб миграция рўйхати (регистрация) муддатини чўздириб юриш шарт. Регистрация иш берувчи ташкилот ёки фуқаро яшаётган хонадон манзилига расмийлаштирилиши керак. Доим расмий шартнома асосида ишлаш керак. Акс ҳолда, бу нарса фуқаронинг маъмурий жавобгарликка тортилиб, Россяида маъмурий чиқариб юборилишига олиб келиши мумкин.

– Россияга ишга отланганлар дастлабки вактда ўзлари билан қанча пул олишлари керак бўлади?

— Патент расмийлаштириш учун Москва шаҳрида 15-16 минг рубль бошқа ҳудудларда эса 25-26 минг рубль атрофида маблағ керак бўлади. Ундан ташқари, уй-жой ва озиқ-овқат билан боғлиқ ҳаражатларни ҳисобга олиш керак.

– Айтинг-чи, патент олиш жараёнида қанақа кутилмаган муаммолар юзага келиши мумкин?

– Патент расмийлаштириш жараёнида фуқароларимизда рус тили имтиҳони ва тиббий кўрик билан боғлиқ муаммолар юзага келади.

Имтиҳон саволларини бир қанча сайтлардаги демо-тестлар орқали кўриб тайёрланиш мумкин. Фуқарода юқумли касалликлар билан боғлиқ муаммо бўлса, даъволаниб соғлом эканлиги тасдиқланмагунча патент олиб бўлмайди. Ҳозирги кунда кўп муаммолар миграция рўйхатининг миграция органлари базасига киритилмаганлиги билан боғлиқ бўлмоқда. Шунинг учун патентга ҳужжат топширишдан аввал миграция рўйхатини текшириб кўришни тавсия киламиз.

– Охирги вақтларда, Россияда мунтазам келиб меҳнат фаолиятини оширадиган ўзбекистонликлар орасида бир муаммо пайдо бўлмоқда. Яъни, патент олиш жараёнида юртдошларимизга «сиз запретда экансиз» деб айтилмоқда. Табиийки, патент учун тўланган каттагина пул ҳам қайтариб берилмаяпти. Мана шундай ҳолатга тушган фуқароларимизга ёрдам бериш мумкинми? Умуман, патент учун тўланган пулни қайтариб олишнинг иложи борми?

— Патентни расмийлаштириш учун топширилган пулни қайтариб бўлмайди. Сабаби бу пуллар имтиҳон топшириш, тиббий кўрикдан ўтиш каби муайян хизматлар учун олинади ва кўрсатилган хизмат учун тегишли ҳужжатлар берилади. Бундай ҳолатда «запрет» олиб ташланмагунча ёки муддати тугамагунча ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштириб бўлмайди ва фуқаро Россияни тарк этишига тўғри келади.

Агар «запрет» асоссиз қўйилган бўлса ёки уни очиш учун асос бўлса, малакали юристлар ёрдамида бу ишни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўриш мумкин.

– Россияга келиб, илк кунларданоқ қийин вазиятга тушиб қолган фуқаролар қаерга мурожаат қилишлари мумкин?

— Қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларга амалий ёрдам берувчи ташкилотлар жуда кам. Албатта фуқарога қандай ёрдам кераклигига ҳам боғлиқ. Биз асосан юридик ёрдам берувчи ташкилот ва якка шахсларни биламиз. Булардан мигрантлар учун бепул юрист, Валентина Чупик (+7(926)834-76-02), ҳуқуқ ҳимоячиси Иззат Амон, «Гражданское содействие» комитети, Ҳалқаро қизил ярим ой жамияти кабиларни келтиришимиз мумкин. Ундан ташқари ҳуқуқий масалаларда бизни ташкилотга ҳам тортинмай мурожаат қилишлари мумкин.

Интервьюни Sputnik мухбири Дилшода Раҳматова олиб борди.

Навигация