Мақола

5 сентябрдан Ўзбекистонда юридик ва жисмоний шахслар тижорат банкларида долларни қора бозор курсида сотиш ва сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Ўзбекистон Президен Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни шу ҳақдаги фармонни имзолади.

Эндиликда валюта курслари ҳар ҳафта эмас, балки ҳар куни тижорат банклари томонидан бозор механизмлари асосида белгиланади. Бунда жисмоний шахслар пул алмаштириш шохобчаларида долларни қора бозор курсида сотишлари ва валютани халқаро пластик карталарига сотиб олишлари мумкин.

Импорт билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар долларни банк ҳисоб рақамлари орқали сотиб олиш имкониятига эга бўлди.

Фармон билан Ўзбекистон ҳудудида товарлар, ишлар ва хизматлар учун хорижий валютада тўловларни амалга ошириш тақиқланди. Фақатгина халқаро амалиётга мувофиқ равишда халқаро пластик карталар ёрдамида тўловларни амалга ошириш мумкин.

Маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар нархлари ва тарифлари эндиликда фақатгина миллий валютада белгиланади.

Давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар фақатгина сўмда қабул қилинади, консуллик йиғимлари истисно қилинади.

Фармонга кўра ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турлари нархлари устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Навигация