Мақола

  Ҳар 3 ойда чегарага чиқиб келиб юрганларга огоҳлантириш

borderҲозирги кунда баъзи юртдошларимиз патент олмасдан, ҳар 3 ойда “кирди-чиқди”қилиб юрганлари ҳақида хабарлар келмоқда ва бу тўғрисида саволлар берилмоқда. Бундай қилиш нотўғри ва бу ҳолат 3 йилга Россияга киришга тақиқ қўйилишига олиб келади.

2014 йил январ ойидан «90/180 қоидаси» кучга кирган. Унга кўра, Россияга виза олмасдан келиши мумкин давлатлар фуқаролари Россия ҳудудида 180 кун ичида ҳаммаси бўлиб фақат 90 кун юришлари мумкин. 90 кун юрган шахс Россияни тарк этиши керак ва у Россияга яна 90 кун ўтказибгина қайта кириши мумкин. Агар охирги 6 ой (180 кун) ичида бир неча марта Россияни тарк этган ва қайта кирган бўлса ҳам шу 180 кун оралиғида Россияда бўлган кунларини ҳисоблаганда 90 кунга етган бўлса, Россияни тарк этиши ва яна 90 кун ўтказиб қайта кириши лозим.

Бошқача қилиб айтганда, «визасиз» давлат фуқароси РФ ҳудудига кирган кунидан 90 кун ичида бу ерда вақтинча туриш (регистрация) муддатини узайтириш учун ҳужжатларни расмийлаштирмаган бўлса, Россияни тарк этиши керак. Бундай ҳолатда, 90 кун ўтмагунча Россияга қайта кирмаслиги керак. Бунга кўпчилик юртдошларимизда бўладиган ҳолатни мисол келтириш мумкин. Масалан, Россияга киргандан кейин 3 ой ичида патент расмийлаштириш ва “регистрация” муддатини чўздириб олиш керак. Агар шу 3 ой ичида буни иложи бўлмаса, зудлик билан Россияни тарк этиш ва орадан 90 кун ўтмасдан қайтиб келмаслик керак.

«90/180 қоидаси»ни бузганларга ФМС томонидан регистрация, патент, вақтинчалик қайддан ўтишга рухсатнома (РВП), яшаш учун рухсатнома (ВИД на жительство) каби ҳужжатлар берилмайди ва Россияни тарк этган кунидан 3 йил муддатга Россияга киришга тақиқ қўйилади.

Тақиқ (запрет) бирдан эмас, бир оз вақт ўтиб қўйилади. Шунинг учун тақиқ ҳақида маълумот базага кирмагунча, ушбу қоидани бузган шахс бемалол чегарадан ўтиб келиши мумкин. Бундай ҳолатларга гувоҳ бўлган айрим юртдошларимиз бизга “Фалончи патент олмай, ҳар 3 ойда чегарага чиқиб келмоқда. Унга “запрет” қўйишмади. Демак, шундай қилсак бўларкан-да?” каби фикрларни айтишмоқда. Биз амалиётда жуда кўп шундай қоидани бузганларга тақиқ қўйилганининг гувоҳи бўляпмиз. Ҳаттоки, орадан 1-2 йил ўтиб ҳам тақиқ қўйилмоқда. Шунинг учун агар келажакда Россияда ишлашни мақсад қилган бўлсангиз, Россияга кирган кунингиздан 30 кун ичида патент олиш учун ҳужжатларни топширинг ва регистрация муддатини чўздириб юринг.

Қуйидаги шахсларга нисбатан «90/180 қоидаси» қўлланилмайди:

  • Патент олиб ишлаётган мигрантларга (фақат регистрация муддатини чўздириб юриш керак);
  • Вақтинчалик қайддан ўтганлик рухсатномаси (РВП) ва яшаш учун рухсатномаси (ВИД на жительство) борлар учун;
  • Россия ўқув юртларининг кундузги бўлимида таҳсил олаётган талабалар учун;
  • “Визали” давлатлардан келган мигрантлар учун;
  • Қочоқ мақомига эга ва вақтинча бошпанали (ВУ) мигрантлар учун.

Айтиш лозимки, “ЕАЭС”га аъзо давлатлар (Қозоғистон, Беларус, Арманистон ва Қирғизистон) фуқаролари ҳам «90/180қоидаси»га амал қилишлари шарт.

 

ДИҚҚАТ! Шу ўринда яна бир муҳим масалани айтиб ўтиш зарур. Паспортни чегарага олиб чиқиб келишни, яъни мамлакат ҳудудини тарк этиб, қайта кириб келганлик ҳақида муҳр бостиришни таклиф қилувчи “уддабурон” шахслар ҳам бор. Баъзи ишонувчан одамлар ўз паспортларини шундай “ёрдамчи”лар орқали чегарага “кирди-чиқди муҳрини” босиш учун бериб юбораётганлари ҳақида хабарлар келмоқда. Бундай ҳолатлар учун жиноий жавобгарлик мавжуд. Ҳеч қачон паспортни бировларга бермаслик керак. Ҳар ким шахсан ўзи чегарани кесиб ўтиши шарт. Ўзи бормасдан, бировлар орқали “гўёки чегарани кесиб ўтганликка доир паспортдаги муҳр”га эга маълумот чегара хизмати ва ФМХ базасида бўлмайди. Бундай қилмиш кўплаб муаммоларга олиб келади.

Шу ўринда алданиб қолмаслик учун шахсан ўзингиз давлат чегарасини тарк этишингиз ва бу ҳақда маълумотга эга бўлишингизни маслаҳат берамиз.

Ботиржон Шерматов,
Юрист – консультант,
 “ЛексМобайл” юридик маркази раҳбари.

 

https://youtu.be/9ppGYZ8VX_0

Навигация