Мақола

deti migranti

Россия Федерацияси ҳудудида бўлиш ҳуқуқини берувчи, шахсини тасдиқловчи хужжатга эга ҳар қандай бола давлат мактабларида билим олиши мумкин.

Болани мактабга олишни рад этиш учун биргина ҳолат асос бўлади: жой йўқлиги (ҳар бир синфда ўқувчилар сони белгиланган тартибдан ошиб кетмаслиги лозим). У ёки бу синфга жойлаштириш ўқув йили бошлангунга қадар анча вақт олдин ва узоқ давом этадиган жараён, шу боис фарзандини Россия мактабларига жойлаштириш мақсадидаги ота-оналарга таътил бошланиши билан мактаб маъмуриятига мурожаат қилишларини маслаҳат берамиз.

Агар боланинг ота-онаси ишга рухсат берувчи патент эгалари бўлган чет эл фуқаролари ва РФ да ишлаб яшаётган бўлсалар,  у ҳолда ота-онанинг ярим йилдан зиёд Россияда қонуний бўлганлигига асосланиб, боланинг миграция ҳисоби (регистрация) муддати 3 ойдан кам бўлмаган муддатга узайтирилган бўлиши лозим. Боланинг миграция ҳисоби муддатини узайтириш учун қайд этилган жой ФМХ бўлимига ариза билан мурожаат қилинади.

Боланинг ўқиши учун миграция ҳисобига олинган жойга яқин бўлган мактабга борилади. Мактаб маъмуриятига мурожаат чоғида қуйидаги хужжатларни тақдим этиш лозим:

– боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

– туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг рус тилига қилинган наржимаси (нотариус орқали тасдиқланган бўлиши шарт);

– боланинг миграция варақаси;

– ота-онаси қайд этилган яшаш жойи (регистрация)га боланинг миграция ҳисобига қўйилганлиги тўғрисидаги билдирги;

– ота-онанинг паспорти, паспорт нусхаси;

– ота-онанинг миграция варақаси, миграция варақаси нусхаси;

– ота-онанинг миграция ҳисоби (регистрация)га қўйилгани ҳақидаги билдирги, қайднома нусхалари.

Шунингдек, яна қуйидагилар талаб этилиши мумкин:

– боланинг тиббий полиси;

– эмлашлар ҳақидаги сертификат – махсус тиббиёт муассасаларида расмийлаштирилади;

– боланинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ва ҳавфли касалликларга чалинмаганлиги ҳақида тиббий хулоса – унга махсус тиббий муассасалардан ўтиш мумкин;

– боланинг тиббиёт варақаси – тиббий кўриклардан ўтган жойида тўлдириб юритилади ёки ватанидан олиб келинади;

– ўқувчининг шахсий хужжати (дело) – агар бола олдин Россия мактабида ўқиган бўлса;

Олдиндан болани мактабга қабул қилишлари тўғрисида 2 нусхада қисқача аризани ҳам тайёрлаб қўйиш лозим.

Ариза рус тилида ота-оналардан бирининг номидан мактаб директори номига ёзилади. Унда исм, фамилия, насаби, туғилган йили ва боланинг фуқаролиги, шунингдек ота-оналари ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатиб ўтилади.

Баъзи ҳолларда бола мактабга тайёрлиги, рус тилини билиш даражаси босқичларини аниқлаш учун алоҳида текширувларидан ўтиши лозим бўлади. Синовлар натижасига кўра, бола қайси синфга ўқишга боришига қарор қилинади.

 Мактаб чет эл фуқароси бўлган болани ўқишга қабул қилишни рад этишга ҳаққи йўқ. Фақат мактаб синфларида ўқувчилар тўла бўлса ва уларда жой етишмаган ҳолдагина, ўқишга имконият бўлган яқинроқ жойдаги бошқа мактабга йўналиш беришлари лозим.

Мактаб маъмуриятининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларида ҳудудий таълим бошқармасига, шаҳар таълим департаментига, Таълим вазирлигининг лицензиялаштириш ва аттестация хизматига, ёки ҳуқуқшуносларга шикоят билан мурожаат қилиш мумкин.

Навигация