Мақола

АҚШда отишмалар кундалик ҳодисага айланиб бормоқда: бир неча кунни ичида мамлакатнинг турли штатларида одамлар оммавий тўпланадиган жойларда ўқ отар қуроллардан фойдаланиш ҳолатлари қайд этилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари терактлар содир бўлишини ҳам истисно этаётгани йўқ.

Америка ҳукуматининг қурол олиб юриш масаласини муҳокама қилаётганига кўп вақт бўлди, аммо уларда бирор натижа бўлгани йўқ.

Келинг, яқин бир неча кун ичида АҚШда содир этилган отишмалар тафсилоти билан танишсак.

Иллинойс ва Бостондаги олий таълим муассасалари ҳудудида содир бўлган босқинчиликлар

Номаълум шахс Американинг Урбан-Шампейн шаҳридаги Иллинойс университети ўқув биноси яқинида бир неча маротаба ўт очди. Таълим муассасаси маъмурияти ўз сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда талаба ва ходимларни хавф ҳақида огоҳлантириб, мазкур ҳудуддан узоқроқ бўлишни тавсия этди.

Орадан бир неча соат ўтганидан сўнг эълон қилинган видеода ҳодиса гувоҳлари талабалар шаҳарчаси яқинида беш маротаба ўқ узилганини маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда эса гувоҳлар тўққиз кишининг жароҳатланганини хабар қилди.

Балтимордаги отишма оқибатида саккиз киши жароҳатланди

Якшанба куни тунда уч нафар номаълум шахс Балтимор шаҳрида отишма содир этди. Натижада саккиз киши, жумладан уч ёшли бола жароҳатланди. Кейинроқ полиция отишмада жабрланганларнинг барчасининг аҳволи қониқарли экан, жароҳат улар ҳаётига таҳдид солмаётганини маълум қилди. Аммо жиноят сабаблари ва иштирокчилари ҳақида хабар қилинмади.

Берлингтондаги мудҳиш қотиллик

Шанба куни тунда Сиэтл шаҳридан 100 километрча шимолдаги Берлингтон шаҳрида жойлашган Cascade Mall савдо марказида қуролланган эркак киши отишма уюштирди. Натижада тўрт аёл ва бир эркак вафот этди.

Америка ҳукумати қарийб бир сутка ўтганидан сўнг гумондор шахсни қўлга олди. У 20 ёшли туркиялик Аркан Четин бўлиб чиқди. Жиноят сабаблари ҳозирча номаълум. Жиноятчига нисбатан айблов душанба куни чиқарилади.

Бошлиқлар аламини ўткинчилардан олди

26 сентябрь куни эса Хьюстон шаҳрида адвокатлик фирмаси ходими ишхонасида ўз раҳбарлари билан содир бўлган можародан сўнг шаҳардаги савдо марказларидан туриб автомобилларга қарата ўқ уза бошлади. Натижада жароҳатланганлардан бирининг аҳволи ўта оғир, яна беш нафари шифохонага ётқизилган, уч кишига эса ҳодиса жойида тиббий ёрдам кўрсатилди. Жиноятчининг ўзи полиция томонидан қуролсизлантирилган.

Тақиқ бўлмайди

Мутахассисларнинг фикрича, Америка ҳукумати мунтазам равида қурол олиб юришни тақиқлаш масаласини муҳокама қилса ҳам, уни сотиб олиш ва тақиб юришга чеклов киритилмайди. Гарчи демократлар анъанага кўра қуроллар савдоси устидан назорат ўрнатиш, аҳоли қўлидаги қуролларни рўйхатдан ўтказиш тарафдори ҳисобланса-да, республикачилар ва консерваторлар ҳаракати бунга мутлақо қарши. Боиси уларни Миллий ўқчилар ассоциацияси моддий томондан қўллаб-қувватлаб туради.

Маълумот учун, АҚШда 1789 йил Конституцияга фуқароларнинг қурол сақлаш ва уни олиб юриш ҳуқуқини кафолатловчи иккинчи тузатиш киритилиб, 1791 йил 15 декабрдан кучга кирган. Мазкур тузатишга биноан Америка фуқаролари калта ва узун қўндоқли қирқма ёки силлиқ қўндоқли қурол ҳамда ярим автомат қурол билан юриш ҳуқуқига эга. Олий суд 2008 йили Конституцияга киритилган иккинчи тузатиш мамлакат фуқароларининг қурол олиб юриш ҳуқуқларини ҳимоя қилишини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Бугунги кунда мамлакатнинг деярли барча штатларида (Иллинойсдан ташқари) фуқаролар ўқотар қуролларга эга. 50 та штатдан 29 тасида қуролни очиқ -ойдин олиб юриш мумкин. Бундан аэропорт, мактаб ва бошқа ммуассасалар мустасно.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда америкаликлар қўлида 300 миллион дона атрофида ўқотар қуроллар мавжуд. Small Arms Survey тадқиқот марказига кўра, 2007 йилда ҳар 100 кишига 88,8 дона қурол тўғри келган.

Навигация